ДХХ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида Тошкент, Фарғона ва Наманган вилоятларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айнланмасига чек қўйди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, (1990 й.т.) икки нафар фуқаро 9,1 кг «опий» гиёҳванд моддасини 54 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушлангани айтилмоқда.

Таъкидланишича, улар муқаддам тожикистонлик наркокуръер томонидан контрабанда йўли билан Ургут туманига ўтказилиб, хуфиёна жойга яшириб қўйилган ушбу гиёҳванд моддани харидорга берииши керак бўлган. Ундан олинган пулларни эса тожикистонлик наркосавдогарга етказиши ва бунинг эвазига 2700 доллар олиши режа қилинган.

Тошкент вилоятида кузатилган бошқа бир ҳолатда эса Ўзбекистонда муомаласи чекланган наркотик моддалар туркумига кирувчи «Трамадол» дори воситасининг Қозоғистондан олиб келинган катта миқдордаги партияси савдосига чек қўйилган.

Зангиота туманида яшовчи, (1985 й.т.) фуқаро 19360 дона «Трамадол» дори воситасини сотмоқчи бўлган вақтида ушланган. Шунингдек, унинг ёнида қўшимча 40 дона, яшаш манзилида эса 20250 дона «Трамадол» таблеткалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Бундан ташқари, унинг таниши муқаддам судланган, (1980 й.т.) фуқаро ҳам қўлга олинган. Тезкор тадбир давомида олиб қўйилган жами 39650 дона «Трамадол» дори воситасининг умумий қиймати 800 млн сўмни ташкил этади.

Фарғона вилоятида эса Тошлоқ тумани ҳудудида ҳаракатланаётган «ВАЗ 2102» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган Тошкент шахрида яшовчи (1975 й.т.) фуқаронинг ёнида 465 гр «опий» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган.

Олтиариқ тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Бувайда туманида истиқомат қилувчи (1968 й.т.) шахс бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина салонида эса 239 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлган. Улар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Ҳар икки ҳолатдаги наркотик моддалар Қирғизистондан контрабанда йўли билан ўтказилган.

Шунингдек, «Водил-Фарғона» йўналишида ҳаракатланаётган Фарғона шаҳрида яшовчи (1972 й.т.) муқаддам судланган фуқаро бошқарувидаги транспорт воситаси ҳам тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унинг юкхонасида 1786 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги маълум бўлган ва тегишли тартибда олиб қўйилган. Шунингдек, ушбу «Тропикамид» дори воситаларини Қирғизистондан олиб келган, муқаддам судланган (1974 й.т.) фуқаро ҳам ушланган.

Шу каби ҳолат Наманган вилоятида қайд этилди. Чуст туманида «Кобальт» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Косонсой туманида яшовчи (1985 й.т.) шахсга тегишли целлофан пакетда 3390 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги маълум бўлган.

Таъкидланишича, гумонланувчи мазкур кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистондан Ўзбекистонга айланма йўллар орқали ўтказган қўшни давлат фуқаросидан қабул қилиб олган ва келгусида уларни сотиб, даромад қилишни режалаштирган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.