Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилди

Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди. Мазкур қарор 2021 йилда мамлакатда пахта йиғим теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан қабул қилинди. Илк бор ўзбек пахтасига 2009 йилда бойкот эълон қилинганди.

ЕИ ва Ўзбекистон 2021−2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги дастурини ишга туширди

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон 2021−2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Кўп йиллик индикатив дастурни ишга туширди. У учта асосий йўналишни ўз ичига олади: самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформация, инклюзив ва рақамли яшил ўсиш ҳамда «ақлли» ва экологик тоза қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантириш. Дастурни молиялаштириш учун 83 млн евро, жумладан, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 7 млн евро ажратилди.

Алиментдан қарзи борларга автомобиль ҳайдаш ва уйланиш тақиқланиши мумкин

Президент фармони билан алимент тўловчининг қарзи ва жарималари алимент тўловлари тўлиқ қоплангандан сўнг ундирилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага алиментдан қарзи мавжуд шахсларга автомобиль бошқариш, айрим давлат хизматларини кўрсатиш ва уйланишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш вазифаси юклатилди.

14 та ҳудуд раҳбарларига хотин-қизлар масалалари бўйича янги ўринбосарлар тайинланди

Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимларига янги ўринбосарлар — вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, қолаверса, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси тайинланди. Уларнинг барчаси хотин-қизлардан иборат.

АҚШ Ўзбекистонга Украина ва Афғонистонга ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдирди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистонга «Украина ва Афғонистон халқларига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами» учун миннатдорчилик билдирди. Абдулазиз Комилов билан музокараларда икки томонлама муносабатлар, минтақавий хавфсизлик ва C5+1 форматидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Молдовадаги ўзбекистонликларни Бухарест орқали эвакуация қилиш режалаштирилмоқда

Молдова ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқароларини Руминия пойтахти Бухарест орқали эвакуация қилиш режалаштирилмоқда. Украинадан ватанга қайтарилганлар сони эса 5282 нафарга (+245) етди.

1 майдан «Автомобиль тарихи» хизмати йўлга қўйилади

1 майдан Ўзбекистонда «Автомобиль тарихи» давлат хизмати йўлга қўйилади. У автомобилнинг агрегат маълумотлари, босиб ўтган масофаси, ЙТҲ содир этилганлиги, тақиқ бор-йўқлиги ва бошқа ахборотларни ўз ичига олади. Хизмат нархи БҲМнинг 10 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон 2021 йилда Россияга газ экспортини қисқа муддатга тиклаган

2021 йилда Ўзбекистон Россияга газ етказиб беришни бир неча ойга тиклади. Экспорт ҳажми 76,6 млн долларни ташкил этди. Бу йил Россия бозорига зангори олов етказиб берилмади.

Тошкентда ИИБ терговчиси ва профилактика инспектори пора билан қўлга тушди

Пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИБ терговчиси жиноят иши бўйича айбланувчига чора кўрмаслик эвазига 5000 доллар талаб қилиб, шундан 1000 долларни олганида ушланди. Миробод тумани ИИБ профилактика инспектори эса ҳуқуқбузарликни расмийлаштирмаслик эвазига 500 долларни олганида қўлга тушгани маълум қилинди. Улар ҳибсга олиниб, жиноят ишлари қўзғатилди.

Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси пора билан ушлангани айтилмоқда

Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёрдамчиси фуқародан 60 сотих ер майдонини олиб бериш эвазига 5,5 млн сўм сўрагани хабар қилинди. У пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қидирувдаги шахс Шимолий Македонияга экстрадиция қилинди

Ўзбекистонда Интерпол томонидан Европа мамлакатларида ўта йирик ҳажмдаги ўғриликларни содир этган уюшган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланиб қидирилаётган эркак қўлга олинди.

Тошкент вилоятида 9,1 кг «опий»ни $54 мингга сотган шахслар ушлангани айтилмоқда

ДХХ Тошкент вилоятида 9,1 кг «опий» ни 54 минг долларга сотган шахсларни қўлга олгани айтилмоқда. Улар наркотикни харидорга бериб, ундан олган пулларини тожикистонлик наркосавдогарга етказиши керак бўлган. Бундан ташқари, Фарғона ва Наманган вилоятларида Қозоғистон ва Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб кирилган гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.

Давлат органларида раҳбарнинг камида битта ўринбосари аёл киши бўлади

2024 йилгача барча давлат органлари ва муассасаларида раҳбарнинг камида битта ўринбосари аёл киши бўлади. Бу президент фармонида назарда тутилган.

Отабек Фазилкаримов соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар бўлди

Молия вазирлиги департамент директори Отабек Фазилкаримов соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Чоршанба куни 10 та ҳудудда коронавирус аниқланмади

Чоршанба куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари аниқланмади. Кун давомида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Андижон ва Навоийда жами 14 кишининг ПЗР-тести мусбат натижани кўрсатди.

Мораторийга қарамасдан Фарғонада 3 туп чинор кесиб кетилди

Мораторий эълон қилинганига қарамай Қўқон шаҳрида фуқаро рухсатсиз 3 туп чинор дарахтини кесиб ташлагани аниқланди. Давлат экология қўмитаси бунинг оқибатида табиатга 103 млн сўмдан кўпроқ зарар етказилганини маълум қилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Ўзбекистоннинг Россия ва Украина билан савдо алоқалари қандай эди?

Россия 2021 йилда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги мақомини қайтариб олди. Бу мамлакатдан озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари, ёғоч ва бошқа товарлар катта ҳажмда келтирилади. Украина эса Ўзбекистоннинг дори воситалари, ярим тайёр металл буюмлари ва бошқаларни экспорт қиладиган тўққизинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. «Газета.uz» Ўзбекистоннинг ушбу икки давлат билан савдо-иқтисодий муносабатлари қандай йўлга қўйилгани, ҳарбий можаро ва санкциялар фонида қандай хавф-хатарлар борлигини ўрганиб чиқди.

Солиқ имтиёзлари ички бозорда гўшт ва картошка нархларига қандай таъсир қилди?

2021 йилнинг октябрь ойида президент қарори билан гўшт ва картошка маҳсулотлари реализацияси ва импорти ҚҚСдан озод қилинган эди. Ушбу солиқ имтиёзлари натижасида қисқа муддатга савдонинг эркинлашуви ички бозорда нарх ўсишининг нисбатан секинлашишига хизмат қилган. «Газета.uz» колумнисти, иқтисодчи Миркомил Холбоев импортга тўсиқларнинг бекор қилиниши импорт харажатларини қисқартиришини ва истеъмолчиларни бойроқ қилишини таъкидлайди.