Президент 7 март куни «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Фармонга кўра, алимент тўловчининг бошқа ижро ҳужжатлари бўйича қарзи, жарималари ва ижро ҳаракатлари алимент тўловлари тўлиқ қоплангандан сўнг ундирилади.

Алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаётган ва қидирувга эълон қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотларни мажбурий ижро органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириш, шунингдек, давлат ОАВларида эълон қилиш амалиёти жорий этилади. Бунда ушбу манбаларда қидирувдаги шахслар ва уларнинг мол-мулки тўғрисида маълумотга эга бўлган фуқароларга мажбурий ижро ва ички ишлар органларига хабар бериш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага 3 ой муддатда алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш юзасидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш вазифаси юклатилди.

Қонунда алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда у тўлиқ бартараф этилгунига қадар қарздорнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш, қолаверса, қарздорга лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган давлат хизматларини вақтинча кўрсатмаслик назарда тутилади. Шунингдек, алимент бўйича қарздорлик мавжудлигини никоҳ тузиш учун монелик қиладиган ҳолат сифатида белгилаш кутилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади ва унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилади.

Суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни 3 ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси маблағлари алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилади. Кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади.

Бош прокуратура (Н.Т. Йўлдошев) ва Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) икки ой муддатда «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини йўлга қўйиш, жамғарма маблағлари ҳисобидан алимент тўловларидан қарздорлик тўланадиган ҳолатлар ва шахслар тоифасини белгилаш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев мазкур ўзгаришлар ҳақида 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилганди. Ўшанда давлат раҳбари 172 минг нафар ота ўз фарзанди учун алимент тўламагани, бугунги кунда жами 115 млрд сўм қарздорлик мавжудлигини танқид қилганди.

Алимент тўламаганлиги сабабли транспорт воситасини ҳайдашга чекловлар ўрнатилиши бўйича янгиликлар эса илк бор 2021 йилнинг октябрь ойи охирларида хабар қилинганди. Ўшанда айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиш орқали бошқариш ҳуқуқи чекланган фуқароларнинг реестрини шакллантириш ва қарздор томонидан транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилганди.