Қашқадарёнинг Ғузор туманида насос станцияси ходими 10 туп қайрағоч дарахтини кесгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ғузор туманидаги «Шўртангазкимё» МЧЖнинг Ташқи сув таъминоти «В» устуни насос станцияси ҳудудида дарахт кқесилаётгани ҳақидаги хабар Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига етиб келган. Бошқарма ходимлари ушбу ҳудудга борганда мурожаат ўз тасдиғини топган.

Аниқланишича, насос станцияси ходими Р. Э станциянинг ички қисмидан жами 10 туп ҳар хил диаметрдаги, шундан, 6 туп соғлом ҳолатдаги ва 4 туп санитар ҳолатини йўқотган ва қуриган қайрағоч дарахтларини таг қисмидан кесиб ташлаган.

Ҳолат юзасидан Р. Э га нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилди ва 32 млн 400 минг сўм табиатга етказилган зарар ҳисобланди, дейилади хабарда.

Мазкур моддага мувофиқ, фуқаролар БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли тартибда жиноят ишлари бўйича судга юборилди.