15 мартдан бошлаб Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти одатдаги иш режимига ўтказилмоқда, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Хабарга кўра, мамлакатда юқумли касалликлар назорати фақат COVID-19 инфекциясига қарши тўлиқ эмланганлик тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш асосида амалга оширилади. Яъни Тожикистон ҳудудида коронавирусга тест топшириш керак бўлмайди.

Бундай қарор COVID-19 юқумли касаллиги тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика штаби томонидан қабул қилинган, дея маълум қилди «Дунё» Тожикистон Миллий ахборот агентлиги «Ховар»га таяниб.

«Бу қарор Тожикистон Республикасида эпидемиологик вазиятни юмшатиш ҳисобга олинган ҳолда ва мамлакатдаги иқтисодий ҳудудларнинг тўлақонли ишлашини таъминлаш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, қўшни давлатлар билан иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди», — деб ёзади «Ховар».

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари, шунингдек, МДҲнинг бошқа давлатлари томонидан COVID-19`га қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатлар Тожикистон томонидан расман тан олинди.

Шунингдек, аҳоли орасида COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш юзасидан жорий этилган мажбурий тартиб ҳам бекор қилинган. Қарорга биноан, тўйлар, байрамлар ва бошқа миллий маросимлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши мумкинлиги таъкидланган.

Маълумот учун, январь ойи бошида Буюк Британия Ўзбекистоннинг ковид-сертификатларини тан олишни бошлаганини маълум қилган эди.