Бугун, соат 09:00 дан 12:00 га қадар Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод, Яккабоғ ва Китоб туманларида кучли шамол эсиши (20 м/с гача тезликда) ва ёғингарчилик қайд этилди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, ноқулай об-ҳаво натижасида вилоятнинг бир нечта туманларида гидрометорологик хавфли жараёнлар юзага келган. Жумладан:

  • соат 11:03 ларда Шаҳрисабз тумани «Чоршанби» қўрғонидаги озиқ-овқат савдо дўконининг том қопламасини шамол учириб юборган;
  • соат 11:25 ларда Қамаши тумани «А.Навоий» МФЙда жойлашган елим идишларни йиғиш пунктининг том қопламаси кучли шамолда қулаб тушган. Воқеа оқибатида уч нафар фуқаро турли даражада жароҳат олиб, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган;
  • соат 11:48 ларда кузатилган шамол Яккабоғ тумани «Учтепа» МФЙ «Тош» қишлоғидаги уйнинг, «Наврўз» МФЙ «Наврўз» қишлоғидаги иккита хонадоннинг қўшимча биноларидаги том қопламаларини учирган;
  • соат 11:50 ларда Китоб тумани «Қайнар», «Мотмон» ва «Қавзихона» қишлоқлари ҳудудидаги 4 дона электр симёғочи ҳамда «Тепабоши» МФЙ ҳудудида 1 та яшаш уйининг том қисми кучли шамол натижасида қулаб тушган.

Таъкидланишича, юзага келган вазиятларни бартараф этиш учун Қашқадарё вилояти ФВБнинг таркибий тузилмалари ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимларининг 169 нафар қутқарувчиси, авария-тиклаш бригадалари шахсий таркиби ва 26 та махсус техника жалб этилган.

«Республикамизнинг қолган ҳудудларида, хусусан, Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қисқа муддатли ёғингарчиликлар кузатилмоқда», — дейилади маълумотда.

Бундан аввал, 9 март куни соат 11:45 да Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани «Откамар» МФЙда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 3 фуқарони яшин ургани хабар берилган эди. Воқеа оқибатида бир фуқаро вафот этган, икки нафар фуқаронинг бирига тиббий ёрдам кўрсатилиб, амбулатор даволанишга рухсат берилган. Иккинчи фуқарога туман тиббиёт бирлашмасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилаётгани айтилганди.