2022 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги хабар берди.

2021 йилнинг декабрь ойида вазирлик ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари томонидан Ўзбекистоннинг 108 та шаҳар ва туманларида ижтимоий сўров ўтказилган. Тадқиқот давомида 500 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 5 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26,5 минг нафар фуқаролар қамраб олинган.

2022 йил 1 январь ҳолатида мамлакатдаги меҳнат ресурслари сони 19 миллион 345 минг кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоизга ёки 202,6 минг кишига ошган.

Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 миллион 538,9 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 фоизга (299,3 минг кишига) ошган.

Шунингдек, расмий секторда банд аҳоли сони 6 миллион 196,3 минг кишини ташкил қилган. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоизга ёки 314,8 минг кишига ўсишни англатади. Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5 миллион 885,5 минг кишини ташкил этиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига нисбатан 1 фоиз ёки 58,4 минг кишига камайган.

Тадқиқот натижаларига кўра ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 миллион 441,8 минг кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,6 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга камайган бўлса, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 0,2 фоизга ортган.

16−30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси — 15,1 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса — 13,3 фоиз бўлди.

2022 йилнинг 1 январь ҳолатида республикада иқтисодий нофаол аҳоли 4 миллион 364,2 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 фоизга ёки 19,8 минг кишига ортиши кузатилган.

2021 йилнинг январь-декабрь ойларида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 879,5 минг нафар фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мурожаат қилган фуқароларнинг 393,8 минг нафари иш билан таъминланганлиги (2021 йилда 281,3 минг ишсиз аҳолини ишга жойлаштириш белгиланган бўлиб) таъкидланган.

Бундан ташқари, 98,8 минг нафар ишсизларга 87,1 млрд сўм ишсизлик нафақаси тайинланган ва тўлаб берилган, дейилади Меҳнат вазирлиги хабарида.

2021 йил давомида 37,3 минг ишсизлар ҳамда «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»га киритилган ишсизларга 83,1 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилган.