Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг ўринбосарлари тайинланди. Бу ҳақда президент Администрациясига яқин «Нигоҳ» Telegram канали хабар берди.

Унга кўра, Озода Парпибаева Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бунга қадар у Тошкент вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган. Шунингдек, Парпибаева авваллари Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

Озода Парпибаева. Фото: ЎзА.

Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети проректори Раъно Турдибоева қўмита раисининг ўринбосари бўлди. У октябрь ойидаги сайловларда президент Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили сифатида фаолият юритган эди.

Рано Турдибоева. Фото: ЎзЛиДеП матбуот хизмати.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг яна бир ўринбосари сифатида «Маҳалла ва оила» Илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева тайинланди.

Нодира Эгамбердиева. Фото: Сув хўжалиги вазирлиги.

Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистонда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилганлиги, Зулайҳо Маҳкамова унга раҳбарлик қилиши ҳақида хабар берилган эди.