Айни вақтда алқаро конгресс марказида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтмоқда.

Блогер Азиза Қурбонованинг ёзишича, давлат раҳбари келгуси ўқув йилидан бошлаб хотин-қизлар таълимига алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилди.

Жумладан, магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун, ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида «Олима аёллар жамияти» тузилади ва унга ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. Жорий ва келгуси йилда шу каби мақсадларга 1,8 триллион сўм йўналтирилади.

«Иложи борича, аёлларимизнинг дардини, ташвишларини севинч ёшига, ғалаба ёшига, муваффақият ёшига, натижа ёшига айлантиришга ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қиламиз. Битта қиз фарзандни ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз деб ота-боболаримиз бежиз айтишмаган», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш — бу игна билан қудуқ қазишга баробар. Мен ўзим шу соҳадан чиққаним учун бу ишнинг нақадар қийин ва мураккаб эканини яхши биламан. Шунинг учун ҳам оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ва натижаларга эришаётган олима аёлларни шахсан мен чинакам матонат ва жасорат соҳибалари деб биламан ва юксак қадрлайман», — деди президент.