31 нафар маҳкум билан Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган фуқаро аниқланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Қайд этилишича, сирдарёлик П.С. (1991 йилда туғилган) аввал «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилотига аъзолиги учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилиб, 2020 йилдан буён Гулистон туманидаги манзил колонияда жазо ўтаб келган.

«Бироқ у пинҳона равишда бошқа маҳкумларга ва озодликдаги танишларига экстремистик ва ақидапарастлик руҳидаги материалларни тарқатиб келган. Хусусан, фуқаро республиканинг турли вилоятларидаги колонияларида сақланаётган 20 нафар маҳкум ва 11 нафар озодликда юрган фуқаро билан алоқада бўлган. Улар билан бузғунчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланган ва келажакда Суриядаги жангарилар сафига чиқиб кетишни режалаштирган», — дейилади хабарда.

Шундан сўнг ДХХ ва ИИВ Сирдарё вилояти бўйича бошқармалари ҳамкорлигида прокурор санкциясига асосан 31 нафар фуқаронинг жазони ўташ ва яшаш манзилларида тезкор тергов ўтказилган.

Аниқланган ашёвий далиллар ва электрон ташувчи мосламаларда сақланган материалларга асосан Жиноят кодексининг 244.1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «а, г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Қонунга кўра, фуқарога беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўланниши мумкин.