Россиянинг Украинада ўтказган 10 кунлик ҳарбий амалиётлари давомида 1,5 млн қочқин мамлакатни тарк этиб, қўшни давлатларга ўтиб кетди, деб хабар бермоқда БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси.

Кўплаб инсонлар эса мажбурликдан мамлакат ичида кўчиб юришига тўғри келмоқда. «Ҳар дақиқада бу рақам ортиб бормоқда», — дейилади ҳисоботда.

БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди бу иккинчи Жаҳон урушидан бери Европада энг тез ўсаётган миграция инқирози эканлигини таъкидлади.

«Агар бу маъносиз можаро дарҳол тўхтатилмаса, яқин кунларда яна миллионлаб одамлар ўз уйларини тарк этишади», — дейилади хабарда.

Украинани тарк этаётган қочқинларни энг кўп Польша қабул қилди. 7 март куни Польша чегара хизмати қочқинларнинг сони 1 млндан ошганини маълум қилди.

28 февралдан 7 мартга қадар Украинани тарк этган 4359 нафар Ўзбекистон фуқароси 19 рейс орқали Польшадан Ўзбекистонга етказилди.