Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Мухтор Муҳитдинов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақдаги қарорга Жаҳонгир Ортиқхўжаев 3 март куни имзо чеккан.

«Газета.uz»га Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, у маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттиради.

Муҳитдинов Мухтор Яшнарович 2020 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

У 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йилда Тошкент давлат техника университетини, 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган.

Мухтор Муҳитдинов пойтахт ҳокими ўринбосарлигига қадар Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида президент фармонига асосан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тузилиши муносабати билан Маҳалла вазирлиги номи ўзгартирилиб, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилганди. Ўшанда Турсинхан Худайбергенов маҳалла вазири лавозимига тайинланди.