Ушбу ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб беқарор об-ҳаво кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.

7 март кундуз куни Ўзбекистонда ҳаво ўзгариб туради, республика ҳудудларида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати +13…+18 даражани ташкил этади.

Кейинчалик, иш ҳафтасининг охиригача, Эрон ва Каспий денгизи ҳудудларидан бир қатор нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига республика ҳудудлари бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради.

Фақат 10 мартда республика ҳудудларининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, ҳафтанинг қолган кунларида барча вилоятлар бўйлаб турли жадалликдаги ёмғирлар танаффус билан ёғади. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғир камроқ ва орадаги танаффус узоқ бўлади.

10−11 мартда баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати +11…+16 даража илиқ атрофида бўлиб, иккинчи ярмида эса +18…+21 даражагача гача кўтарилади.

Шунингдек, 12−13 март дам олиш кунларида ҳам ёмғирли об-ҳавонинг беқарорлиги сақланиб туриши айтилмоқда.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ёғингарчилик ёмғир ва қор кўринишида ёғиши ҳамда қор кўчкиси хавфини яратиши мумкин.