Россия чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва хавфли психофаол моддалар, уларнинг метаболитлари мавжудлиги, ОИВ билан боғлиқ касалликлар бор-йўқлиги юзасидан кимё-токсикологик тадқиқотлар ўтказиш тартибига ўзгартириш киритди. Бу ҳақда РФ ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур масала бўйича 21 февралдаги тегишли буйруқ Россия Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Унга кўра, сертификат ва тиббий хулосаларнинг амал қилиш муддати 12 ойгача узайтирилди. Аввал унинг муддати уч ой эди.

Бундан ташқари, эндиликда чет эл фуқароларини кўрикдан ўтказишда уларнинг илгари диспансеризациядан ўтганлиги ёки тиббий ҳужжатлар билан тасдиқланган профилактик кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар инобатга олинади.

Шу билан бирга, мактаб, коллеж ва ОТМларда таҳсил олаётган 6 — 18 ёшдаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни кўрикдан ўтказиш учун зарур бўлган тиббий тадқиқотлар ҳажми қисқартирилди. Шу тарзда, 13 ёшдан кичик бўлган чет эл фуқаролари учун гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар мавжудлиги юзасидан кимё-токсикологик тадқиқотларни ўтказиш талаби ушбу ҳужжатдан чиқариб ташланди.

Бундан ташқари, тиббий кўрик доирасида диагностика қилишни талаб этадиган юқумли касалликлар рўйхатидан янги коронавирус инфекцияси ҳам чиқариб ташланди.

Келтирилишича, тиббий кўрикдан ўтказишнинг янги тартиби, жумладан, қайд этилган ўзгаришлар билан биргаликда кимё-токсикологик тадқиқотлар ўтказиш 2022 йилнинг 1 мартидан кучга киради.