6−7 март кунлари Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 674 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан 109 нафар аёл, 57 нафар вояга етгаман шахс ва 12 нафар чақалоқ олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили хабар берди.

Маълум қилинишича, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 28 февралдан 7 мартга қадар 19 та авиарейс ташкиллаштирилиб, уруш бўлаётган жойлардан 4359 нафар Ўзбекистон фуқароси қайтарилган.

ТИВ расмий вакилига кўра, 7 март куни яна битта рейсни амалга ошириш режалаштирилган.

«Польша ҳудудида Ўзбекистоннинг 350 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 80 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, қарийб 270 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган», — дейилган маълумотда.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Ўзбекистон фуқаролари билан доимий мулоқот олиб бормоқда. Дипломатлар Украинанинг турли нуқталарида, шу жумладан, жанг ҳаракатлари давом этаётган ҳудудларда бўлиб, фуқароларни эвакуация қилиш ишларини амалга оширмоқда.

Маълумот учун, аввалроқ 5 нафар ўзбекистонлик юк ташувчи Украина-Россия чегарасида қолиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.