5 нафар ўзбекистонлик юк ташувчи Украина-Россия чегарасида қолиб кетди

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Украинанинг Суми, Харьков вилоятлари ҳамда «Нехотеевка» нейтрал ҳудудида бўлган 12 нафар юк ташувчини Россияга киришида ёрдам кўрсатди. Яна 5 нафар Ўзбекистон фуқароси 4 та юк машинасида Украина чегараси чизиғидан узоқроқ масофада қолиб кетди.

Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар сони 4359 нафарга етди

6−7 март кунлари Польшанинг Катовице аэропортидан яна 674 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинди. Польша ҳудудида Ўзбекистоннинг 350 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. 7 март куни яна битта рейсни амалга ошириш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида авиақатновлар тўхтатилмайди — Uzbekistan Airways

Uzbekistan Airways Ўзбекистон ва Россия ўртасида авиақатновлар тўхтатилмаслиги ва жадвалга мувофиқ узилишларсиз амалга оширилишини маълум қилди.

Пойтахт кўчаларидан бирига Мустафо Камол Отатурк номи берилиши мумкин

Тошкент кўчаларидан бирига Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номи берилиши кутилмоқда. Мазкур ном остидаги кўча аввал ҳам бўлган, у 2011 йилда Зарафшон кўчаси этиб ўзгартирилганди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Мухтор Муҳитдинов лавозимидан озод қилинди

2020 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари сифатида ишлаб келган Мухтор Муҳитдинов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ҳокимликнинг «Газета.uz» га аниқлик киритишича беришича, у маҳалла вазири ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттиради.

Илк ҳоким ёрдамчиси туман ҳокими бўлди

«Мадели» овул фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган Бахтияр Менглибеков Мўйноқ туманига ҳоким бўлди.

Шерзод Исмаилов Хоразм вилояти ҳокимига ўринбосар этиб тайинланди

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонасида маслаҳатчи лавозимида ишлаган Шерзод Исмаилов Хоразм вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди.

Ўзбекистонда «Олима аёллар жамияти» ташкил этилади

Президент душанба куни Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида «Олима аёллар жамияти» тузилиши ва унга ҳар йили 50 млрд сўм маблағ ажратилишини маълум қилди. «Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш — бу игна билан қудуқ қазишга баробар», — деди Шавкат Мирзиёев.

Барча талаба қизларга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредити берилади

Шавкат Мирзиёев 2022−2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинганини айтди. Унга кўра, хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумлари ташкил этилади. Қолаверса, энди барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит берилади.

2022 йилда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 21% га қисқариши кутилмоқда — Жаҳон банки

Жаҳон банкининг янгиланган прогнозларига кўра, 2022 йилда Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажми 25% га қисқариши кутилмоқда. Мазкур тенденция Россия-Украина ўртасидаги сиёсий зиддиятлар сабаб Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва рубль курсининг кескин қулаши билан изоҳланган. Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилда 21% га қисқариши кутилмоқда.

«Олмалиқ КМК»дан 117,5 млн сўмлик қимматбаҳо металларни ўғрилашга уринган шахслар ушланди

ДХХ фуқаро «Олмалиқ КМК» ишчилари билан келишиб, кийим алмаштириш хонасига таркибида 117,5 млн сўмлик қимматбаҳо металлар бўлган 4,4 кг саноат қумларини яшириб қўйганини аниқлади. Гумондорнинг ўзи комбинатнинг қўриқлаш хизматига ишга кириш учун суҳбатга келган вақтида қўлга олинган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Сирдарёлик маҳкум колонияда туриб 31 киши билан Сурияга кетишни режалаштирганликда гумонланмоқда

Гулистондаги колонияда жазо ўтаётган фуқаро турли вилоятлардаги колонияларда жазо ўтаётган 20 нафар маҳкум ва 11 нафар озодликдаги киши билан Сурияга чиқиб кетишни режалаштирганликда гумонланмоқда.

Ўткирбек Тўрабоев дзюдо бўйича Европа очиқ чемпионатида ғалаба қозонди

Прагада ўтган дзюдо бўйича Европа очиқ чемпионатида энг оғир вазн тоифасида 19 ёшли Ўткирбек Тўрабоев олтин медални қўлга киритди. Раҳимжон Субҳонов (-66 кг) бронза медалига эга чиқди.

Ҳафта давомида ёмғир ёғиши кутилмоқда

Ўзбекистонга Эрон ва Каспий денгизи ҳудудларидан бир қатор нам ҳаво массалари кириб келиши ҳисобига мамлакатда беқарор об-ҳаво сақланиб туради. 10 март санасидан ташқари ҳафта давомида турли жадалликда ва танаффус билан ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Сурхондарёда Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврига оид мис тангалар топилди

Сурхондарёдаги Тўпаланг дарёси қирғоғидан Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврига оид мис тангалар топилди. Тангаларнинг бет тарафида «Самарқанд», «Адлийя» сўзлари, ҳижрий 823 ва 832 каби зарб қилинган йиллари акс этган.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Ҳар қандай уруш ва ҳарбий-сиёсий зиддиятлар — оғир иқтисодий оқибатларга олиб келади

Ҳар қандай сиёсий зиддият, қуролли тўқнашув ва урушлар ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга олиб келиб, инсоният тараққиётининг бир неча йиллар ортда қолишига сабабчи бўлади. Уруш натижасида халқ камбағаллашади, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш таназзулга юз тутади, бутун бошли авлодлар, умрлар бой берилади. Урушнинг иқтисодиёт ва инсон капиталига салбий таъсири ҳақида — «Газета.uz» колумнисти, иқтисодчи Муқаддамхон Саидрасулова мақоласида.