28 февралдан 5 мартга қадар 16 та авиарейс ташкиллаштирилиб, уруш бўлаётган Украинадан Польша орқали 3 685 нафар ўзбекистонликлар эвакуация қилинди. Бу ҳақда ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов хабар берди.

Хабарга кўра, 5−6 март кунлари Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 440 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан 88 нафар аёллар, 59 нафар вояга етгаман шахс ва 20 та чақалоқ олиб келинди.

6 мартда қатор рейслар амалга оширилиши режалаштирилган.

Польша ҳудудида 850 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қолаётгани айтилди. Улардан 50 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, қарийб 800 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.

«Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ватандошлар билан доимий мулоқот олиб бормоқда. Дипломатлар Украинанинг турли нуқталарида, шу жумладан, жанг ҳаракатлари давом этаётган ҳудудларда бўлиб, фуқароларимизни эвакуация қилиш ишларини амалга оширмоқдалар», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Украинадан Польша чегарасига кираверишда уч нафар ўзбекистонлик йўл транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида ёзгандик. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курмановнинг маълум қилишича, улардан бири вафот этган, қолган икки нафари эса Львовдаги шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Харьков, Суми ва Херсондаги ўзбекистонликлар ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тугагач эвакуация қилиниши айтилганди.