Президент Шавкат Мирзиёев бир ой муддат ичида талабалар ётоқхонаси масаласида ўзгариш қилмаган ҳоким ва ОТМ ректори ишдан олинишини таъкидлади. У бунга 4 мартдаги видеоселектор йиғилишида тўхталиб ўтди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«2021 йилда талабалар ётоқхонаси бўйича тизим яратилди. Лекин, барча ҳудудларда ҳам ишлар бир хилда олиб борилмаяпти», — деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, бугунги кунда эҳтиёжи бўлган талабаларнинг 90 минг нафари ётоқхона билан таъминланган, холос.

Мисол учун, 2022 йилда хусусий шерикчилик асосида 19 минг ўринли 47 та талабалар ётоқхонасини қуриш белгиланган бўлиб, субсидиялар учун бюджетдан 180 миллиард сўм ажратилган. Бугунги кунда Андижон, Самарқанд ва Тошкент шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда иш бошланмагани танқид қилинди.

Шунингдек, ижарада яшаётган талабаларга 2022 йилда бюджетдан 120 миллиард сўм субсидиялар ажратилган. Яъни, ректорларга ўтган икки ойда 24 миллиард сўм маблағ берилган. Бироқ, ушбу маблағлардан атиги 5 миллиард сўм ишлатилган. «Бир ой ичида ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олийгоҳ ректори ишдан олинади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайси олийгоҳ ректори ётоқхона қурилишининг 50 фоизини ўз олийгоҳи маблағи ҳисобидан қилиш ташаббусини билдирса, қолган 50 фоизи бюджетдан қопланиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда президент Украинадан эвакуация қилинган талабалар Ўзбекистондаги ОТМларда ўқишини давом эттириши учун барча шароитлар яратиб берилишини маълум қилганди. «Украина олийгоҳларида 370 дан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда ва шундан 200 га яқини Ватанга қайтарилди. Қолганларини ҳам яқин 1 ҳафтада қайтариш учун барча чораларни кўраяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари бундан буён барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилишини маълум қилди. Марказий банк тажрибаси асосида Иқтисодиёт, Молия, Қурилиш, Энергетика, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идоралари 3−4 курс талабаларни ҳақ тўланадиган стажировкага жалб қилади. Амалиёт якунида уларга доимий иш таклиф қилинади.

Қолаверса, 100 мингга яқин талаба ишлашни хоҳлашини, ҳозирги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни борлигини айтилди. У талабалар билан ишламагани учун ҳоким ва ректорларни танқид қилди. Энди талабаларни иш билан таъминлаш бўйича бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Республика комиссияси ташкил этилади.