4 март куни Роскомнадзор Россия ҳудудида Facebook ижтимоий тармоғига (Meta компаниясига тегишли) киришни блоклашга қарор қилди.

Хизмат хабарига кўра, бунга Россия ОАВларига нисбатан 26 та камситиш ҳолатлари сабаб бўлган. Шу жумладан мамлакатдаги «Звезда» телеканали, «РИА Новости» ахборот агентлиги, Sputnik, Russia Today, шунингдек, «Лента.ру» ва «Газета.ру» ахборот ресурслари аккаунтларига кириш чекланган.

Meta вице-президенти Ник Клеггнинг айтишича, «тез орада миллионлаб оддий россияликлар тасдиқланган маълумотлардан узилиб қолишади, оиласи ва дўстлари билан кундалик мулоқот қилиш имкониятидан маҳрум бўлишади ва уларни сукут сақлашга мажбурлашмоқда».

«Биз ўз хизматларимиз одамлар учун мавжуд бўлишида, улар ўз фикрларини хавфсиз ифода эта олиши ва ўз ҳаракатларини очиқ бажара олиши учун хизматларимизни тиклаш мақсадида барча чорани кўришда давом этамиз», — деди у.

Роскомнадзор 25 февраль кунидан трафикни секинлаштириш орқали Facebook`га киришни чеклай бошлаганди. Регулятор Facebook`нинг айрим рус ОАВлари тарқатган материаллар остида «ишончсиз» деган белги қолдиришни бошлаганидан ва аудиторияни камайтириш мақсадида нашрларнинг қидирув натижаларига техник чекловлар қўйганидан норози бўлган.

Роскомнадзор маълумотларига кўра, Россияда Twitter`га кириш «Бош прокуратуранинг 2022 йил 24 февралда қабул қилинган қарорига кўра» чекланган.