4 март куни ўзбекистонликлар тижорат банкларига 43 млндан ортиқ ҳажмда АҚШ доллари сотган, 32,5 млн доллардан ортиқроқ миқдорда сотиб олган. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Шунингдек, жума куни жисмоний шахслар банклардан 86,5 млндан ортиқ миқдорда Россия рубли харид қилган бўлса, 7,3 млн миқдорида рубль сотишган.

Фото: Марказий банк

3 мартдан Ўзбекистон банклари ўз кассаларида (айрибошлаш шохобчаларида) рублни сотиб олиш ва сотишни бошлади. 3−4 март кунлари жисмоний шахслар томонидан банклардан жами 146,7 млн миқдорида Россия рубли сотиб олинди ва 12,8 млн рубль сотилди. Орадаги фарқ 11 баробардан ортиқроқни ташкил этди.

Аввлроқ, Марказий банк тижорат банклари рубль курсини мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгилаётганини маълум қилганди. Регуляторнинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда айтилаётган шубҳали спекулятив трансчегаравий схемалар ёрдамида рублни айирбошлаш (шу жумладан, «қора бозор»да) орқали 30 фоизгача даромад олиш мумкин экани мантиқан гепотетик шаклларда тўғри бўлиши мумкин. Бироқ, амалда Ўзбекистондаги ички валюта бозоридаги реал ҳолат буни инкор этаётгани айтилди. Марказий банк буни охирги пайтда тижорат банклари томонидан аҳолига рубль сотуви улардан харид қилинган миқдорлардан қарийб 10 баробар кўплиги билан изоҳлади.

Аҳолининг рублни кўпроқ харид қилаётганини иқтисодчи Отабек Бакиров қуйидагича изоҳлади.

«Рублнинг қулаши ортидан Россиядаги товарлар, масалан ёғоч, ёғ-мой, металл-прокатларнинг нархи долларга чаққанда 1,5−2 баробаргача арзон бўлиб қолди. Яъни конфликтгача [Россия-Украина ўртасидаги] рублда импорт шартномаси тузганлар тезроқ эски нархларда тўловини амалга ошириши манфаатига эга, токи нариги томон битимлар ва нархларга ўзгартириш киритмагунича. Шунинг учун жисмоний шахслар банкдан мақбул курсда рубль сотиб олиб, масалан, устав фондига киритиб хўжалик субъектлари номидан рублдаги импорт контрактлари учун тўловларни ўтказиш орқали юқори даражада афзалликдан фойдаланишмоқда», — дея таъкидлади у.

Эслатиб ўтамиз, 3 март куни ўзбекистонликлар 60 млн рубль сотиб олгани ҳақида хабар берилганди.