Россия Давлат думаси учинчи, якуний ўқишда рус армиясини обрўсизлантиришга қаратилган «фейк» хабарлар ва Россияга қарши санкциялар киритишга даъват этганлик учун жиноий жазо ва йирик жарималарни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди, деб ёзади «РИА Новости».

«Қонун лойиҳаси зудлик билан Федерация Кенгашига юборилади, бугун соат 14:00 да Федерация Кенгашида йиғилиш бўлиб ўтади, Федерация Кенгаши маъқуллаганидан кейин қонун лойиҳаси президент столига қўйилади», — деди қуйи палата спикери Вячеслав Володин.

Унинг сўзларига кўра, эртадан бошлаб қонуннинг тўғридан-тўғри ҳаракат нормалари «ёлғон гапирган ва Қуролли Кучларни обрўсизлантирадиган баёнот берганларни жуда қаттиқ жазога тортиш» имконини бериши мумкин.

Ташаббус билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиришлар киритилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, бундай жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш муддати 15 йилгача бўлиши мумкин, ушбу жазо агар сохта маълумотлар оғир оқибатларга олиб келса қўлланилади.

Россия Қуролли кучларидан фойдаланиш тўғрисида қасддан ёлғон маълумотни тарқатиш қуйидалар билан жазоланади:

  • 700 мингдан 1,5 млнн рублгача ёки маҳкумнинг 18 ойгача бўлган муддатдаги иш ҳақи ёки бошқа даромадлари миқдорида жарима;
  • 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 3 йилгача мажбурий меҳнат;
  • худди шунча муддатга озодликдан маҳрум қилиш.

Жиноят шахс томонидан ўз мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда, бир гуруҳ шахслар томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишиб ёки уюшган гуруҳ томонидан, айблов далилларини сунъий равишда, ғараз ниятларда, мафкуравий, ирқий, миллий ёки диний адоват, душманлик ёки ҳар қандай ижтимоий гуруҳга нисбатан нафрат ёки адоват сабаб билан содир этилган бўлса, жазо қуйидагича бўлиши мумкин:

  • 3 млндан 5 млн рублгача ёки маҳкумнинг 3 йилдан 5 йилгача бўлган иш ҳақи ёки бошқа даромадлари миқдорида жарима;
  • 5 йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йилгача мажбурий меҳнат;
  • 5 йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Россия манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўшинларнинг қўлланилишига йўл қўймаслик, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ёки бундай фойдаланишни обрўсизлантиришга чақирувлар учун (агар қонунбузар 1 йил ичида аввал тегишли модда бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса) — 100 мингдан 300 минг рублгача жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар бундай тўсқинлик қилиш ёки бундай обрўсизлантириш учун даъватлар жиддий оқибатларга олиб келган бўлса — 300 мингдан 1 млн рублгача жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазосига тортишга сабаб бўлади.

Қонун лойиҳаси, шунингдек, Россияга қарши санкцияларни қўллашга даъват этишни жазолашни ҳам назарда тутади:

  • 500 минг рублгача ёки маҳкумнинг 3 йилгача бўлган иш ҳақи ёки бошқа даромадлари миқдорида жарима;
  • озодликни 3 йилгача чеклаш;
  • 3 йилгача мажбурий меҳнат;
  • 6 ойгача қамоққа олиш;
  • 200 минг рублгача ёки иш ҳақи миқдорида жарима билан 3 йилгача ёки маҳкумнинг бошқа даромадлари бўлмаган тақдирда 1 йилгача озодликдан маҳрум этиш.

Россия армиясини обрўсизлантиришга қаратилган даъватлар учун энг кўп қамоқ жазоси муддати 5 йил.

Бу ҳақда эълон қилинганидан кўп ўтмай, Znak.com интернет газетаси «Россияда яқинда оммавий ахборот воситаларига нисбатан пайдо бўлган кўплаб чекловлар туфайли» ёпилишини эълон қилди.

The Village Россиядаги ваколатхонаси ёпилишини маълум қилди. «Таҳририят хавфсизликда Варшавадан ишлайди», — дейилади нашр хабарида.

3 март арафасида «Дождь» телеканали раҳбарияти ишни вақтинча тўхтатаётганини маълум қилди. «Бизга нафасни ростлаб олиш ва қандай қилиб ишлашни тушуниш учун куч керак. Умид қиламизки, биз эфирга қайтамиз ва ишимизни давом этамиз», — деди эфирда «Дождь» бош директори Наталя Синдеева. Унинг таъкидлашича, фейклар тўғрисидаги қонун қабул қилингандан кейин ишлаш деярли имконсиз бўлиб қолади.

Аввалроқ радио ва интернет нашри «Эхо Москвы» тугатилиши ҳақида ҳам қарор қабул қилинган эди. Нашр ижтимоий тармоқларда трансляция қилишда давом этмоқда.

Бундан ташқари, Россияда айрим ижтимоий тармоқлар ва хорижий оммавий ахборот воситаларига кириш қисман чекланган. Текшириш учун «Газета.uz» блокировка ва ресурслар мавжудлиги мониторинги сервиси — GlobalCheck'дан фойдаланди.

Хизмат маълумотларига кўра, Facebook ва Twitter’га уланиш имконияти 17 фоизни ташкил этади (яъни сервис томонидан кириш сўровининг олтидан биттаси гина муваффақиятли бўлди). Instagram тўлиқ ишлаябди.

Медуза нашри (таҳририяти Латвияда жойлашган) ва BBC рус хизмати ҳам фақат 17% уланиш имкониятига эга. Euronews порталининг русча версияси, Россиянинг «Новая газетаси» ва Украинанинг УНИАН агентлиги 100% уланишга эга, Deutche Welle’нинг русча версияси эса бутунлай блокланган, унинг уланиш қобилияти 0%.