АҚШнинг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан жорий этилган санкцияларни истисно қилди. Ташкилот эълон қилган сертификатда бу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатга кўра, санкциялар тадбиркор 50 фоиздан ортиқ акцияларига эгалик қиладиган компанияларга қўлланиламайди. Ушбу компанияларнинг ҳисоблари блокланмаган ҳамда транзакцияларга рухсат берилган. Ҳужжат 3 март куни OFAC директори Андреа Гаки томонидан имзоланган.

Шунингдек, Алишер Усмонов OFAC томонидан блокланган шахслар рўйхатида йўқ. АҚШда тадбиркор иштирокидаги юридик шахсларнинг мулки ва улушлари блокдан чиқарилган, уларга ўз ҳисобварақларидан маблағларни ечиб олишга рухсат берилган. Ушбу истисно илгари бошқа сабабларга кўра чекланган Усмоновнинг активлари [супер яхта, шахсий самолёт] ёки компанияларнинг молиявий операцияларига тааллуқли эмас, дейилади OFAC ҳужжатида.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Европа Иттифоқи 24 февраль куни Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб киргани муносабати билан бир гуруҳ россиялик олигархлар ва сиёсатчилар, уларнинг оила аъзоларига санкциялар жорий этиб, уларнинг активлари музлатилишини маълум қилган эди. USM ҳолдинги эса Евроиттифоқнинг Алишер Усмоновга нисбатан жорий этган санкциялари холдинг активларига даҳл қилмаслигини билдирди.

Аввалроқ USM ҳолдинги Ўзбекистондаги «Капиталбанк» акцияларини сотилганини эълон қилди. Ҳолдинг таркибидаги «Телекоминвест» (Россия) ва FINANCE TCI (Ўзбекистон) компаниялари февраль ойида «Капиталбанк»даги улушини 61,54 фоизга етказган эди.