Тошкент вилояти «Иссиқлик манбаи» ишлаб чиқариш бошқармасида 6,5 млрд сўмлик камомад ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Бу Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой фонди инспекцияси ўтказган назорат тадбирида маълум бўлган.

1 январь ҳолатига кўра, «Иссиқлик манбаи» таркибида жами 51 та қозонхона мавжуд бўлиб, уларнинг баланс қиймати қарийб 1,5 млрд сўмни ташкил этган.

Текширув давомида қозонхоналарнинг кадастр ҳужжатлари тақдим этилмаган ҳамда 7 та қозонхона бошқа шахсларга бериб юборилгани аниқланди. Шунингдек, корхона умумий қиймати қарийб 6,5 млрд сўм бўлган қуйидаги молиявий камчиликларга йўл қўйган:

  • асоссиз киритилган харажатлар — 3,8 млрд сўм;
  • товар моддий бойликлари камомади — 1,8 млрд сўм;
  • ортиқча тўланган иш ҳақи — 833,3 млн сўм;
  • бошқа шахсларга берилган бинолар қиймати — 46,8 млн сўм;
  • ёнилғи маҳсулотларининг ортиқча сарфланиши — 45,5 млн сўм.

Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди, дейилади хабарда.