Шавкат Мирзиёев аёлларга нисбатан ҳар куни унга ахборотлар етиб келаётгани айтиб, уларнинг кўп қисми айнан оилада содир бўлаётганини таъкидлади.

Бунга президент 1 март куни бўлиб ўтган видеоселекторда тўхталиб ўтди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

«Оилада аёлларни хўрлаш, уларга зўравонлик қилиш ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари ҳали мавжуд. Ҳар куни менга келаётган жуда катта маълумотларда бу нарсалар бор. 2021 йилда 39 мингга яқин хотин-қизлар оилада эри, қайнонаси, келини томонидан зўравонлик бўлаётгани ҳақида профилактика инспекторларига мурожаатлар қилган», — деди у.

Бу рақамлар 2020 йилга нисбатан 2,5 бараварга кўпайган.

«Мана ҳозирги ҳаётимиз бу, баландпарвоз гаплардан йироқ бўлиб, пасга тушиб, маҳаллада ишламаганимизни натижаси шу. Ҳеч қайсимиз шу вақтгача маҳаллада нима бўлаётганини билмаганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, «бу муаммоларни ҳал этишда маҳалла фаоллари, жамоатчилик, нуронийларнинг ўрни ва таъсири ҳам мутлақо сезилмаяпти».

Давлат раҳбари оилада аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш шартлигини таъкидлади.

Амалдаги тартибга мувофиқ, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар 30 кун муддатга алоҳида ҳимояга олинади. Лекин, бу муддат ўтгандан кейин улар билан ишлаш тизимида бўшлиқ бўлиб қолган.

«Бундан буён, аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан кафолатли таъминланади. Алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача муддатга белгиланади», — дейилади хабарда.

Бунда:

  • маҳалла раиси Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш комиссиясига бош бўлади;
  • маҳалладаги хотин-қизларга масъул аёл жабрланган аёлларга мотивация беради, турмуш қийинчиликларини енгишни ўргатади, бунга психологларни жалб қилади;
  • ҳоким ёрдамчилари бундай оила аъзоларининг бандлигини таъминлайди;
  • профилактика инспектори зўравонлик содир этган шахснинг хулқ-атворини ўзгартириш чораларини кўради.

Сенат, Олий суд ва Бош прокуратура билан биргаликда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олишга қаратилган янги тизим яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.