Сўнгги пайтларда айрим ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларини хорижий давлатлар армиясига ёллаш ҳақида хабарлар тарқалди. Шу муносабат билан Мудофаа вазирлиги ўзининг расмий муносабатини эълон қилди.

Ўзбекистон Конституциясининг 125-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади, дейилади хабарда.

Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланади, дея таъкидланган баёнотда.

Ўзбекистон Жиноят кодексида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш бўйича жиноий жавобгарлик (154−1) моддаси мавжуд.

«Юқоридаги маълумотларга асосланиб қайд этиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси, шу жумладан Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди, — дейилади Мудофаа вазирлиги муносабатида. — Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга ёллаш бошлангани ҳақида тарқалган маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмас».

Аввалроқ, Ўзбекистон ҳарбийлари ёлланаётганига оид хабарлар Украина Telegram-каналлари орқали тарқатилганди. Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Биласизми» рукнини эълон қилиб, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиши 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлигини хабар қилганди.