Украинадан ўзбекистонликларни эвакуация қилиш давом этади — ТИВ

1186 киши Украинадан Польша орқали Ўзбекистонга етказилди. Чоршанба кунига иккита рейс режалаштирилган. Ҳозирда Польшада 800 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қолмоқда. Ўзбекистон элчихонаси жанговар ҳаракатларга қарамай, эвакуация ишларини давом эттирмоқда, дея хабар бермоқда ТИВ.

Элчихонани Киевдан кўчириш масаласи кўриб чиқилмаяпти — ТИВ расмий вакили

Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг айтишича, Ўзбекистон элчихонасини Киевдан эвакуация қилиш масаласи кўриб чиқилмаяпти, чунки ҳозирда дипломатик ваколатхона фаолиятининг асосий устувор йўналиши мамлакат фуқароларини хавфсиз эвакуация қилиш ҳисобланади.

Харьков, Суми ва Херсондаги ўзбекистонликлар ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тугагач эвакуация қилинади — ТИВ

Украинадаги элчихона фаол ҳарбий ҳаракатлар бораётган Харьков, Суми ва Херсон шаҳарларидан ўзбекистонликларни эвакуация қилишда қийинчиликлар дуч келди. Фуқаролар ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тугаганидан кейин эвакуация қилинади. Ҳозирча уларга бункерларда қолиш тавсия этилди.

Президент ҳамкор давлатлардаги вазият оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар режасини тайёрлашни буюрди

Вазирлар Маҳкамаси президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг режасини ишлаб чиқади.

Шавкат Мирзиёев 3−4 март кунлари Покистонда бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев 3−4 март кунлари Покистонга давлат ташрифини амалга оширади. Иккитомонлама музокараларда стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Тадбиркорларни текширишда энг кўп солиқ органлари қонун бузган — Бизнес-омбудсман

Бизнес-омбудсман 2021 йилда давлат органлари тадбиркорлар фаолиятини текширишда йўл қўйган ҳуқуқбузарликлар таҳлилини эълон қилди. Унга кўра, 1200 дан ортиқ ҳолатда энг кўп солиқ органлари (238 та), Агроинспекция (167 та) ва Экология қўмитаси (166 та) қонунбузилишига йўл қўйган. Қолаверса, Транспорт вазирлиги идораларининг мансабдорларига жиноят иши очиш бўйича прокуратура органларига 8 та таклиф киритилган.

Қаршида фуқаро «Микрокредитбанк» масъуллари билан 1,1 млрд кредит пулларини ўзлаштиргани айтилмоқда

Қарши туманида фуқаро «Микрокредитбанк» масъул ходимлари билан бошқа фуқаро номига корхона очиб, 1,9 млрд сўм кредит ажратиб бергани ва шундан 1,1 млрд сўмни маҳсулот хариди учун ўтказиш орқали талон-торож қилгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

«Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга ёллаш бошлангани ҳақидаги маълумотлар асосга эга эмас» — Мудофаа вазирлиги

Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонда хорижий давлатлар томонидан ҳарбий хизматга ёллаш бошлангани ҳақидаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди. «Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди», — дейилади баёнотда.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди

Президент фармонига асосан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тузилиши муносабати билан Маҳалла вазирлиги номи ўзгартирилиб, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Шунга мувофиқ, эски лавозимлар тугатилиб, янгилари жорий этилмоқда. Қолаверса, 1 июлгача «Маҳалла тўғрисида» ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳам белгиланди.

Энди алиментдан қарздорликни давлат тўлаб беради, кейинчалик МИБ уни ундириб олади

Президент 172 минг нафар ота ўз фарзанди учун алимент тўламагани, бугунги кунда жами 115 млрд сўм қарздорлик мавжудлигини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, энди алиментдан қарздорликни давлат тўлаб беради, кейинчалик МИБ қарзни ундириб олади. Бунинг учун «Алимент тўловлари» жамғармаси ташкил этилиб, унга дастлаб 50 млрд сўм ажратилади.

2021 йилда 39 мингга яқин хотин-қизлар оилада зўравонлик бўлаётгани ҳақида мурожаат қилган — президент

Президент сешанба кунги видеоселекторда 2021 йилнинг ўзида 39 мингга яқин хотин-қизлар оилада зўравонликка учраганини маълум қилди. «Маҳаллада ишламаганимизни натижаси шу», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг сўзларига кўра, энди тазйиққа учраган аёллар ҳимояси суд томонидан таъминланади, ҳимоя ордери эса бир йилгача муддатга берилади.

Депутатлар «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади

Чоршанба куни депутатлар «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат билан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ва уларга номзодлар очиқ танлов асосида танлаб олинади. Давлат хизматчисига тадбиркорлик билан шуғулланиш, хизмати эвазига жисмоний ва юридик шахслардан мукофот ёки совға олиш, чет эл фуқаролигига эга бўлиш, Ўзбекистондан ташқарида банк ҳисобрақами очиш, кўчмас ва бошқа мулкка эгалик қилиш тақиқланмоқда. Ҳужжат Сенатга юборилди.

Олий ва ўрта махсус таълим ходимлари учун кўкрак нишонлар таъсис этиш таклифи билдирилди

Олий ва ўрта махсус таълимда фидокорона меҳнат қилаётган, ташаббускор, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фуқароларни 2 турдаги кўкрак нишон билан тақдирлаш таклифи илгари сурилди. Мукофотлар 1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни байрами арафасида топшириш режалаштирилмоқда. Ғолибларга нишон билан бирга БҲМнинг 4 бараваригача пул мукофоти ҳам бериш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ва БМТ Контртеррор бошқармаси ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлайди

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби ўринбосари — Контртеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди. Томонлар «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси доирасида кўп томонлама тадбирлар ўтказиш, ёшларни экстремизм ва терроризмнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, «қайноқ нуқталар»дан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилишди.

Ўзбек пахтаси тизимли болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан ҳоли бўлди — ХМТ

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилди. Хусусан, 2021 йилда теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий, тахминан бир фоизи эса бевосита ёки билвосита мажбурлаш орқали ушбу жараёнга жалб этилганини маълум қилган. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.

Ўзбекистон вакцина учун шприцларни қабул қилиб олди

Чоршанба куни COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга Pfizer вакцинаси билан эмлашда ишлатиш учун 669 минг долларлик шприц ва уларни хавфсиз утилизация қилиш учун қутилар келтирилди.

Коронавирусга қарши эмланмаган 45 мингдан ортиқ ходимлар ишдан четлаштирилди

СЭС август ойидан буён 89 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар коронавирусга қарши вакцина олмаганини аниқлади. Уларнинг 45 мингдан ортиғи вақтинча ишдан четлаштирилган.

Январь ойида Ўзбекистон банкларининг муаммоли кредитлари 503 млрд сўмга ортди

1 февраль ҳолатида Ўзбекистон банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 5,4 фоиз ёки 503 млрд сўмга кўпайди. NPL ўсишининг асосий қисми давлат улуши мавжуд банклар ҳисобига тўғри келади. Ушбу банкларда NPL 453 млрд сўмга ортган. Хусусий банкларда эса бу кўрсаткич қарийб 50 млрд сўмни ташкил этди.

Ўзбекистонда Lada автомобиллари нархи ошди

Рубль курсидаги жиддий тебранишлар ва Россияга қарши санкциялар фонида «АвтоВАЗ» автомобиль ишлаб чиқарувчиси Lada автомобиллари нархини ўртача 15 фоизга оширди. Ўзбекистонда ҳам ушбу компания машиналарининг нархи ошган.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Россия-Украина ўртасидаги можаро Ўзбекистон иқтисодиётига ва мигрантларга қандай таъсир қилиши мумкин?

Россия молия тизимига қўлланилган санкциялар ва рубль қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши мумкин? Россиядаги ўзбек мигрантлари ҳозирги шароитда нима қилгани маъқул? Эҳтимолий инқироз оқибатларига қарши кураш учун қандай чоралар кўриш керак? «Газета.uz» шу ва бошқа саволлар бўйича иқтисодчи мутахассислар фикри билан қизиқди.