Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-омбудсман) 2021 йилда тадбиркорлар фаолиятида текширишлар ўтказишнинг қонунийлигини мониторинг қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бизнес-омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Мониторинг натижаларига кўра, аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича бўйича Бизнес-омбудсман томонидан маъмурий баённомалар тузилиб, назорат органлари раҳбарларига тақдимномалар, жиноят ишлари қўзғатиш бўйича ҳам таклифлар киритилган.

2021 йилда Бизнес-омбудсман томонидан аниқланган энг кўп қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган назорат қилувчи органлар рўйхати:

  • солиқ органлари 238 та;
  • Агроинспекция 167 та;
  • Давлат экология қўмитаси 166 та;
  • Транспорт вазирлиги 129 та;
  • Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси 120 та;
  • Санитария-эпидемиологик хизмати 104 та;
  • бошқа назорат органлари 310 та.

2021 йилда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган ходим сони энг кўп бўлган назорат органларига солиқ органлари (224 нафари), Экологияни муҳофаза қилиш қўмитаси (133 нафари), Транспорт вазирлиги (103), Агроинспекция (94), Санитария-эпидемиология хизмати (92), Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (84), бошқа назорат органлари (176) киритилган.

«2021 йилда Бизнес-омбудсман томонидан Транспорт вазирлиги идораларининг ҳуқуқбузар мансабдор шахсларини жиноий жавобгарликка ҳам тортиш бўйича прокуратура органларига 8 та таклиф киритилган ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 19 нафар назорат органи раҳбарига 55 та тақдимнома киритилиши натижасида ҳуқуқбузарлар интизомий жавобгарликка тортилган ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Қўшимча қилинишича, 2022 йилдан бошлаб Бизнес-омбудсманга 9 турдаги ҳуқуқбузарликлар, жумладан, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва текширишлар ўтказиш тартибини бузиш бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар БҲМнинг 40 дан 80 бараваригача миқдорида белгиланган.