Украина президенти Владимир Зеленский сешанба кунги видео мурожаати давомида Россияни «террорчи-давлат» деб атади. Бу ҳақда УНИАН ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Зеленский ўз баёнотида 20 га яқин киши жароҳатланиши, бир нечта биноларнинг барбод бўлишига олиб келган Харьковдаги Озодлик майдонига уюштирилган ҳужум ҳақида фикр билдирган.

«Харьков. Европанинг энг катта майдонига қанотли ракета ёрдамида зарба берилди. Озодлик майдонига. Ўнлаб қурбонлар. Озодлик тўлови бу. Украина халқи учун мана шундай тонг», — деган Зеленский эрталабки видео мурожаатида.

Зеленский ҳужум Россия-Украина чегарасидан 40 км, Харьковдан 70 км масофада жойлашган Россиянинг Белгород шаҳридан амалга оширилганини айтган.

«Украинанинг Харьков ва Россиянинг Белгород шаҳри ҳамиша яқин шаҳарлар бўлишган. Кўплаб маъноларда. Улар ўртасидаги чегара ҳам рамзий, шунчаки харитада бўлган. Қалбларда чегара бўлмаган. Энди ҳаммаси ўзгарди. Белгороддан Харьковга амалга оширилган қанотли ракета зарбасидан сўнг. Ракета келиб тушган Озодлик майдони — Харьковимизнинг юзи эди», — деди президент.

Давлат раҳбари бу нафақат ҳарбий жиноят, балки террорчилик акти эканлигини таъкидлади.

«Бу шаҳарга қарши террор, Харьковга қарши террор, Украинага қарши террор. Майдонда ҳарбий нишон йўқ эди. Худди, реактив артиллериядан зарба берилган Харьков аҳоли турар-жойлари сингари. Марказий майдонга йўлланган ракета — бу ҳеч қанақасига ниқобланмаган террордир. Ҳеч ким кечирмайди, ҳеч ким унутмайди. Харьковга амалга оширилган бу зарба ҳарбий жиноят ҳисобланади, Россия Федерациясининг давлат террори. Бундан кейин Россия — террорчи-давлатдир», — деб хулоса қилган Зеленский.

Украина раҳбари халқаро ҳамжамиятни Россия ҳаракатларига зудлик билан ва таъсирчан муносабат билдиришга, унинг ҳаракатларини давлат террори сифатида тан олишга чақирган.