Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукмрон партиянинг навбатдан ташқари қурултойида Украинадаги вазиятга муносабат билдирди. Бу ҳақда Tengrinews хабар бермоқда.

«Биз ҳар иккила давлатни ҳам музокаралар столида тил топишишга чақирамиз. Хайрли жанжалдан кўра заиф тинчлик яхшироқ», — дея таъкидлади у.

«Бизнинг позициямиз давлатимиз хавфсизлиги, суверентитети, ҳудудий яхлитлигини таъминлашнинг муҳим эҳтиёжидан келиб чиқиши керак. ЕХҲТ саммитини ўзида қабул қилган мамлакат сифатида Евроосиё хавфсизлигининг бўлинмаслиги принсипига таянамиз. Бу ҳақда мен 10 февраль куни Москвага ташрифим чоғида айтиб ўтгандим», — деди у.

«Хавфсизликнинг бўлинмаслиги ва умумийлиги принсипи ўзаро ишонч асосида ўзаро тушунишни назарда тутади. Афсуски, бу содир бўлмади. Минск келишуви қоғозда қолиб кетиши Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатларга сабаб бўлди. Геосиёсий вазият мисли кўрилмаган тарзда кескинлашиб кетди. Ва энди бу тенденциянинг қайтарилмаслиги ҳақида гапириш вақти келди. Минг афсус. Шунинг учун биз иккала мамлакатни ҳам музокаралар столида тил топишиб олиш, келишув ва шартномаларга эришишга чақириб қоламиз. Бошқа йўл йўқ. Тинчликсиз ривожланиш ҳам бўлмайди», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

«Қозоғистон зарур бўлса, воситачилик хизматларини ўз ичига олган ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр», — дея сўзини якунлади у.

Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Украина ва Россия ўртасидаги музокаралар бўлиб ўтди. Унда томонлар «қатор устувор мавзуларни аниқлаб олдилар, улар бўйича муайян қарорлар аниқлаб олинди», деди Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк. У музокараларни «оғир» деб атади, аммо «улар қандайдир мажбурий ультиматумларсиз ўтганини» таъкидлади. Россия делегацияси аъзоси Леонид Слуцкий эса «музокараларнинг асосий натижаси, ушбу музокаралар бўлиб ўтганида ва томонлар бир-бирини эшита олганида», деди.