Украина ва Россия делегациялари душанба куни Беларусь ҳудудида музокараларнинг биринчи раундини ўтказдилар. Учрашув олти соат давом этди. Киев ва Москва вакиллари Беларус-Украина чегараси ҳудудига яқин Гомель вилояти Припять қирғоғида учрашдилар.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк музокараларнинг асосий мавзуси Украина ҳудудида ўт очишни ҳамда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўлганини маълум қилди.

«Томонлар қатор устувор мавзуларни аниқлаб олдилар, улар бўйича муайян қарорлар белгиланди. Ушбу қарорлар имплементацияси учун баъзи имкониятларга эга бўлиш мақсадида томонлар ўз пойтахтларига маслаҳатлашувларга жўнаб кетишади. Томонлар яқин келажакда музокараларнинг иккинчи раундини ўтказиш ва унда ушбу мавзуларни аниқ ва кенгроқ кўриб чиқиш имкониятларини муҳокама қилдилар», — деди у.

Сал кейин у ўзининг Twitter’ида, «музокаралар оғир бўлгани» ҳақида ёзди. «Тўғри, ҳеч қандай мажбурий ультиматумларсиз кечди. Россия томони, афсуски, ҳали ҳам ўзи томонидан бошланган бузғунчилик жараёнига нохолислик билан қарамоқда», дея таъкидлади у.

Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский кейинги раунд яқин кунларда ўтказилиши ҳақида хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, кейинги музокаралар Польша-Беларусь чегарасида ўтказилиши мумкин.

Мединский музокаралар тафсилотларига тўхталиб ўтилмади, у шунчаки томонлар кун тартибини тўлиқ кўриб чиққани ва айрим нуқталарни топишгани, «улар бўйича умумий ёндашувларни прогноз қилиш мумкинлиги»ни айтиш билан чекланди, холос.

Россия делегацияси аъзоси Леонид Слуцкий эса «музокараларнинг асосий натижаси, ушбу музокаралар бўлиб ўтганида ва томонлар бир-бирини эшита олганида», дея таъкидлади.

«Энг яқин кунларда аллақандай прогрессга эришилиши мумкин… Украина делегацияси ушбу масаланинг моҳиятини батафсил ва пунктма-пункт муҳокама қилишда тинглашга ва қатнашишга тайёр эди. Бу жуда ва жуда муҳим. Давоми қандай бўлишини, яқин кунлар кўрсатади», — дея иқтибос келтирган Слуцкий сўзларидан «Белта» .