Марказий банк айрим халқаро пул ўтказмалари операторлари фаолиятида вақтинчалик узилишлар ёки тўхталишлар кузатилаётганига изоҳ берди.

Марказий банк ахборотида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга оширувчи кўплаб тизимлар йўлга қўйилгани, баъзи тизимларда узилишлар вужудга келганда, уларнинг бошқа муқобилидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги айтилди.

«Халқаро пул ўтказмаларининг аҳоли учун долзарблигидан келиб чиқиб, тижорат банклари томонидан Ўзбекистон ҳудудида уларнинг узлуксиз фаолияти учун зарур чоралар кўриб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 25 февраль куни Ҳамкорбанк «банк тизимларида олиб борилган техник ишлар» туфайли «Сбербанк Онлайн»дан пул ўтказмаларини қабул қилишни тўхтатди. Уч кундан кейин «Сбербанк» мобил иловасидан пул ўтказмаларини қабул қилиш қайта тикланди.

Душанба куни «Ипак йўли» банки ҳам «Сбербанк Онлайн» орқали жўнатилган ўтказмаларни банк карталарига кирим қилиш ҳамда «Унистрим» пул ўтказмаларини жўнатиш ва қабул қилишни вақтинчатўхтатди. Ҳисоботда қайд этилишича, чекловлар «техник сабабларга кўра» ва вақтинчалик киритилган.

Аввлроқ Apelsin рақамли банки рублда пул маблағларини юбориш ва қабул қилиш юқори волатиллик сабабига кўра вақтинча чекланганини маълум қилганди. VISA, Mastercard ва Western Union пул ўтказмалари одатдаги тартибда ишламоқда.

Россиянинг бешта йирик банки, жумладан Сбербанк, ВТБ ва Совкомбанк (яқинда «Ўзагроэкспортбанк»ни сотиб олган) Украинага ҳарбий босқин муносабати билан эълон қилинган Россияга қарши Ғарб давлатларининг санкциялари остида қолди. Россия Банки ва Россиянинг энг йирик банкларига нисбатан қаттиқ санкцияларнинг киритилиши, жумладан, уларнинг SWIFT тизимидан узилиши рубль курсини пасайтирди.