Россия ҳукумати 22 февраль куни Донецк халқ республикаси (ДХР) ҳамда Луганск халқ республикаси (ЛХР) мустақиллигини расман тан олганлигини эълон қилди. ДХР ва ЛХР 2014 йилда Украина инқилобидан сўнг Украина суверен ҳудудининг Донецк ва Луганск вилоятларида сепаратист кучлар томонидан тузилган ва ўзини Украинадан мустақил деб эълон деб қилган.

ДХР ва ЛХР айни пайтда фақат Россия ва Сурия томонидан мустақил республикалар сифатида тан олинган. Жаҳон ҳамжамияти мазкур ҳудудларни Украина халқаро тан олинган ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди.

«Газета.uz» дунёдаги бошқа шу каби ўзини мустақил деб эълон қилган, бироқ жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган ёки қисман тан олинган ҳудудлар тўғрисида қисқача ҳикоя қилади.

1933 йилда қабул қилинган Монтевидео конвенциясига мувофиқ давлатчиликнинг халқаро миқёсда эътироф этилган мезонлари мавжуд. Хусусан, давлатчиликка даъво қилаётган ҳудуд доимий аҳолига, белгиланган ҳудудга, ҳукуматга ва халқаро муносабатларни амалга ошириш қобилиятига эга бўлиши шарт. Қолаверса, дунё давлатлари томонидан суверенитетнинг тан олиниши энг муҳил омил ҳисобланади.

Тайвань

Тайвань ёки Хитой Республикаси (ХР) конституцион тарзда 1912 йилда ташкил топган. 1949 йилда Хитойда коммунист ва националист кучлар ўртасидаги зиддият натижасида коммунистлар ғалаба қозонган ва Хитойнинг асосий ҳудудида Хитой халқ республикасига (ХХР) асос солган. Националистлар ҳукумати ва армияси Тайванга кўчиб ўтган. Натижада ҳокимият иккига бўлинган ва Тайвань Хитойдан ажралган. 1990-йилларда Тайван ҳукумати Хитойнинг асосий ҳудудига даъво билан чиққан. Ўз навбатида ХХР Тайван устидан ҳукмронлик даъвоси билан жавоб қайтарган. Тайвань ва ХХР бир-бирининг давлатчилигини тан олмайди. Ҳар иккиси ўз версиясидаги «Ягона Хитой» сиёсатини илгари суради. Унга кўра, ҳеч бир давлат бир вақтнинг ўзида иккала республикани ҳам тан олиши мумкин эмас.

Ҳозирги кунда Тайваннинг суверен давлатчилиги 15 та давлат томонидан тан олинган. Шунга қарамай, Осиёнинг энг йирик иқтисодий ўйинчиси ва жаҳоннинг энг йирик компьютер технологиялари ишлаб чиқарувчиси сифатида Тайвань бир қатор ривожланган мамлакатлар билан норасмий дипломатик алоқаларга эга.

САДР

Саҳрои Араб Демократик Республикаси (САДР) ҳозирги кунда Ғарбий Саҳрои Кабирнинг Марокаш томонидан эгаллаб турилган баҳсли ҳудудида ҳукмронликка даъво қилувчи давлат. САДР 1976 йилда Жазоирда жойлашган ва асосан Ғарбий Саҳрои Кабирнинг маҳаллий кўчманчи аҳолисидан ташкил топган ҳарбий-сиёсий ташкилот — Полисарио фронти томонидан мустақил деб эълон қилинган. Полисарио фронти сургундаги ҳукумат тузилганлигини маълум қилган ҳолда, Марокаш ва Мавритания ҳудудлари устидан ўз назоратини ўрнатиш мақсадида кураш олиб борган. Мавритания сургундаги ҳукумат билан сулҳга эришган ва ўз ҳудуди учун даъво қилишдан воз кечган. Марокаш Мавританиянинг бир қисми устидан ўз назоратини ўрнатиб, унинг тўлиқ ҳудудига даъво қилган. Ҳудуд бугунги кунгача мунозарали ҳисобланади.

САДР мустақиллиги дунёнинг 80 та давлати томонидан турли даражада тан олинган, бироқ 1990 йилларда улардан айримлари бу қарорларини бекор қилишган ёки шубҳа остида қолдиришган.

Шимолий Кипр


Шимолий Кипр Турк республикаси 1983 йилда ўзини Кипр республикасидан мустақил деб эълон қилган. Кипр республикасида этник кўпчилик кипрлик греклар ва этник озчилик кипр турклари ўртасидаги кўп йиллик можаролар ва 1974 йилда Кипр оролига Туркия томонидан бостириб кирилиши воқеалари оролда ҳокимиятнинг, халқаро миқёсда тан олинмаган бўлса-да, бўлинишига олиб келди ва унинг шимолий қисмида де факто Турк Кипри давлати ташкил топди. Шимолий Кипр Турк республикаси мустақиллиги фақатгина Туркия томонидан тан олинган.

Жанубий Осетия


Жанубий Осетия 1991 йилда ўзини Грузия ССРдан мустақил деб эълон қилган. Жанубий Осетия Буюк Кавказ тоғларининг жанубий ёнбағрида жойлашган ҳудудлар устидан назоратни ўз қўлига олган. Минтақа аҳолисининг учдан икки қисми шарқий эрон тилида сўзлашувчи кавказ халқи — осетинлардан иборат (осетинлар, шунингдек, шундоққина қўшни ҳудуд — Буюк Кавказ тоғларининг шимолий ёнбағрида — Россияда жойлашган Шимолий Осетияда ҳам истиқомат қилишади). Аҳолининг қолган қисмининг аксариятини грузинлар ташкил этади. 2008 йилда Грузия ва Жанубий Осетия ўртасидаги зиддиятлар Россия-Грузия урушига сабаб бўлган ва Жанубий Осетия Россия қўллови остида собиқ жанубий Осетия автоном вилояти ҳудудида де факто ўз назоратини ўрнатган.

Жанубий Осетия мустақиллиги 5 та давлат, жумладан, Россия, Науру, Никарагуа, Венесуэла ва Сурия томонидан тан олинган.

Абхазия


Абхазия 1999 йилнинг ноябрида узоқ давом этган баҳслар ва ҳарбий зиддиятлардан сўнг ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилган. Грузия таркибига кирувчи, Қора денгиз билан чегараланган Абхазия ҳудудида 1992 йилда сепаратист кучлар Абхазия мустақиллигини қўлга киритиш мақсадида Грузия ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон кўтаради. 1993 йилда исёнчилар Грузия кучларини мағлуб этиб, Абхазия устидан назорат ўрнатади. 1994 йил май ойида эса ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ тузилади. Бироқ сулҳ тузилганлиги ва кейинчалик минтақага Россия тинчликпарвар кучлари киритилишига қарамай, ҳарбий ҳаракатлар давом этган ва 1999 йилда минтақа, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган болса-да, ўз мустақиллигини расман эълон қилган.

БМТ Грузиянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашига қарамай, 2008 йилда Жанубий Осетия билан боғлиқ зиддиятлар фонида 5 та давлат, жумладан, Россия, Науру, Никарагуа, Венесуела ва Сурия Абхазияни мустақил давлат сифатида тан олган.

Грузия конституциясига кўра, Абхазия мамлакатнинг автоном қисми ҳисобланади.

ДХР


Донецк халқ республикаси (ДХР) 2014 йилда Украинадаги инқилобдан кейин ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилган. Украина собиқ президенти Виктор Янукович мамлакатда чуқур илдиз отган коррупция ва Майдандаги норозилик ҳаракатига нисбатан шафтақсизларча муносабати сабаб 2014 йил февралида ҳокимиятдан четлатилди. 2014 йил апрелида Донецк ҳавзасидаги Украина ҳудудининг кенг қисми Россия қўлловидаги исёнчилар назоратига ўтди. Исёнчилар Украинадан мустақил Донецк халқ республикаси тузилганини эълон қилишди ва бутун минтақада ҳарбий ҳаракатлар ҳозирги кунгача давом этди.

ДХР мустақиллиги ҳозирда фақат Россия ва Сурия, шунингдек, БМТга аъзо бўлмаган Абхазия, Луганск халқ республикаси ва Жанубий Осетия томонидан тан олинган. Бироқ де юре Донецк вилояти Украина суверен ҳудуди таркибига киради.

ЛХР


Луганск халқ республикаси (ЛХР) 2014 йилда Украинадаги инқилобдан сўнг, Донецк сингари, ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилган. 2014 йилда Қрим Россия томонидан аннекция қилинганидан кейин бошланган қуролли қўзғолондан бери Луганск (шу жумладан, Донецк) ва Киев армияси ўртасида қуролли тўқнашувлар бўлиб келган. Украина ҳамда Ғарб давлатлри қўзғолон Россия томонидан қўллаб-қувватланган, деган фикрда.

ЛХР мустақиллиги ҳозирда фақат Россия ва Сурия, шунингдек, БМТга аъзо бўлмаган Абхазия, Донецк халқ республикаси ва Жанубий Осетия томонидан тан олинган. Бироқ де юре Луганск вилояти Украина суверен ҳудуди таркибига киради.

Транснистрия


Транснистрия ёки Приднестровия Молдова Республикаси 1990 йилда ўзини Молдовадан мустақил деб эълон қилган, Молдовадаги сепаратист анклав ҳисобланади. 1994 йилда ратификация қилинган Молдова конституциясига кўра Транснистрияга автономлик берилган бўлса-да, Россия ҳарбий кучларининг мавжудлиги сабабли муаммоли ҳудудга айланди.

Молдова саноатининг катта қисми Транснистрияда жойлашган. 2005 йилда Транснистрия ҳукумати Молдовани электр энергияси таъминотидан узиб қўйган. 21 аср бошларида Транснистрия ҳудудида Россия ҳарбий кучларининг мавжудлиги Молдова-Россия муносабатларининг кескинлашувига сабаб бўлган эди.

Приднестровия Молдова Республикаси суверенитети дунёнинг (БМТга аъзо) ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Фақатгина БМТга аъзо бўлмаган Абхазия, Жанубий Осетия ҳамда Артсах томонидан эътироф этилган.

Артсах


Артсах, собиқ Тоғли Қорабоғ Республикаси ўз мустақиллигини 1991 йилда эълон қилган. Бунгача Озарбайжон ССРнинг автоном ҳудуди ҳисобланган.

Совет ҳукумати Тоғли Қорабоғ ҳудудини 1923 йилда Озарбайжон ССР таркибидаги этник арманлардан ташкил топган автоном вилоят деб эълон қилган. 1991 йилда Озарбайжон Совет иттифоқидан ажралиб, мустақилликни қўлга киритгач, арманлар ва озарбайжонлар ўртасида ҳудудда уруш бошланган. 1990 йилларнинг бошларида Арманистон кўмаги билан Қорабоғ арманлари Озарбайжоннинг жанубий-ғарбий қисми, жумладан, Тоғли Қорабоғ ҳудуди ва анклавни Арманистон билан боғлаб турувчи ҳудудлар устидан ўз назоратини ўрнатган. Россия воситачилигида ўтган музокаралар натижасида ўт очишни тўхтатиш хусусида келишувга эришилган бўлса-да, бу зиддиятга ечим бўла олмаган ва келишувга ҳар доим ҳам амал қилинмаган. Арманистон ва Озарбайжон орасидаги мунозарали ҳудуд ортидан зиддиятлар ўтган давр мобайнида фақатгина мураккаблашиб бормоқда.

Ҳозирги кунда ҳам Тоғли Қорабоғ де юре Озарбайжон ҳудуди ҳисобланади. Артсах мустақиллиги фақатгина БМТга аъзо бўлмаган учта давлат томонидан тан олинган: Абхазия, Жанубий Осетия ҳамда Транснистрия.

Сомалиленд


Сомалиленд республикаси 1991 йилнинг майида ўзини Сомалидан мустақил деб эълон қилган. У 1980 йилларда Сомалида бўлиб ўтган фуқаролик урушидан кейин ҳукумат мухолифати — Сомали миллий ҳаракати томонидан тузилган. 2001 йилда ўтказилган референдумда Сомалиленд аҳолиси мустақилликни ёқлаб овоз беришади. 2003 йилда Сомалиленд ҳукумати Сомали билан қайта бирлашиш юзасидан музокаралар ўтказиш таклифини рад этади.

Ҳозирги кунда Сомалиленд бир қатор давлатлар билан норасмий дипломатик алоқаларга эга. Бироқ ҳеч қандай давлат томонидан расман тан олинмаган ва жаҳон ҳамжамияти уни Сомали ҳудудининг бир қисми деб билади.

Амбазония


Амбазония федератив республикаси 2017 йилнинг 1 октябрида ўзини Камеруннинг асосан ғарбий, инглиз тилида мулоқот қилувчи ҳудудлари устидан ҳукмронлик қилувчи, Камерундан мустақил давлат сифатида эълон қилган. Камерун уни жиноий ташкилот деб ҳисоблайди. Бироқ унга қарши уруш эълон қилгани ҳолда, мустақиллигини тан олган.