Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази Неврология бўлими мудири беморнинг онасини жинсий алоқага мажбурлагани ортидан тиббиёт маркази раҳбари ишдан бўшатилди, деб хабар берди ССВ.

Аввалроқ, Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати беморнинг онасини жинсий алоқага мажбурлаб келганликда гумонлаб, бўлим мудири К.Р.ни ҳибсга олганди.

Шифокор бемор, иккинчи гуруҳ ногирони Г. И нинг онаси Т.Л ни фарзандининг даволанганлиги бўйича 1,5 ой давомида касаллик варакасини (кўчирма) бермасдан, бунинг эвазига уни жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келганликда гумонланмоқда. Унга нисбатан ЖКнинг 121-моддаси (аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу каби иллатларга нисбатан муросасиз муносабатда эканлигини, тиббиёт ходимларининг қадр-қиммати ва инсонлик шаъни оёқости қилинишига қаршилигини маълум қилди.

Қайд этилишича, бундай ҳолатларда ҳодисанинг асл моҳияти аниқлаштирилгач, якуний хулосага келиш мақсадга мувофиқ.

«Шу билан бирга, жамоада одоб-ахлоқ қоидаларини назорат қилишда сусткашликка йўл қўйганлиги ва қўл остидаги ходимлари устидан етарли назорат ўрнатмагани учун марказ директори Ш. Худайбердиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида, вазирликнинг Комплаенс, ички аудит ва молиявий назорат хизматига тегишли тартибда текширув ўтказиш бўйича топшириқ берилгани айтилмоқда.

ССВ фуқаролар ва тиббиёт ходимларидан тизимдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақида 71−241−10−65 телефон рақами орқали хабар беришларини сўраган.