Ўзбекистон элчихонасига тегишли бўлган микроавтобус Ўзбекистон фуқароларини Харьковдан эвакуация қилаётган пайтда шрапнель (думалоқ ўқлар тўлдирилган артиллерия снаряди) парчаси келиб урилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов «Дарё» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

«Харьковда элчихонага тегишли дипломатик микроавтобуснинг олди ойнасига, ён томонни кўрсатувчи ойналарига снаряд парчаси зарар етказган. Шрапнель тушган дейишди», — деди элчи. Ҳодисанинг қачон содир бўлганига аниқлик киритилмаган.

Элчининг савдо-иқтисолий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бобур Расуловнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, осколка тушган вақтда микроавтобус тураргоҳда турган бўлган.

Алишер Курмановнинг айтишича, ҳодиса оқибатида фуқаролар жабрланмаган.

«Дипломатимиз талабалар билан биргаликда поездга чиқиб, Львовга етиб олиши керак эди. Харьковдан машинада чиқиб кетиш жудаям қийин ва хатарли эди. Машинада етиб боролмасдик. Биз имкон қадар манзилга тез боришимиз керак эди. Машинага зарар етган, унинг устига ёнилғи ҳам тугаганди. Шу сабабли микроавтобусни вокзалда қолдирдик», — деди Алишер Курманов.

Элчининг сўзларига кўра, вазият тинчиганидан сўнг ўзбек диаспораси вакилларидан машинани бошқа жойга олиб қўйиш илтимос қилинади.

Душанба куни Украина ички ишлар вазири Антон Герашенко Харьков Россия қўшинларининг «Град» русумли ялпи ўқ отиш тизимининг оммавий зарбаларига дуч келганини маълум қилди. Қутқарувчиларнинг сўнгги маълумотларига кўра, шундан сўнг турли оғирликдаги жароҳатлар билан 31 киши шифохонага ётқизилган. Харьков вилояти маъмурияти раҳбари ўққа тутиш пайтида 11 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.