Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳрида намунавий дизайн асосида автобус оралиқ бекатларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик учун муҳокамаси учун эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилишига президентнинг 2 февралдаги [ПҚ-111-сон] қарори асос қилиб олинган. Унда намунавий лойиҳа асосида 1160 та автобус бекатларини реконструкция қилиш вазифаси қўйилганди.

Шундан келиб чиқиб, келгусида автобус бекатларини белгиланган меъёрларга мос бўлган намунавий дизайн асосида қуриш режалаштирилмоқда.

Янги дизайндан ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус пандус ташкил этиш, автомобиль қатнов қисми чегарасида хавфсизликни таъминлаш учун «тактил» плиталар ўрнатиш, қолаверса, бекатларда бепул интернет тармоғи (4G Wi-Fi), автобуслар қатнов жадвали ва келиш вақтини кўрсатувчи электрон табло, кузатув камераси, миллий ҳунармандчилик ёки замонавий дизайндаги ўриндиқлар, чиқиндиларни ташлаш қутилари, мобил қурилмаларни қувватлаш манбаини ўрнатиш кўзда тутилган.

Намунавий дизан.

Автобус бекатлари жойлаштириладиган ер майдонлари электрон онлайн аукцион савдолари орқали тадбиркорларга ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик фойдаланишга берилади.

Талабгор тадбиркорлик фаолиятини юритиш мақсадида автобус оралиқ бекатидан фойдаланиш даврида, бекат деворларига реклама жойлаштириши, cash-in ва cash-out функцияларига эга бўлган банкоматлар ва вендер (vendor) қурилмалари, QR-штрих код орқали электрон кутубхоналарни ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида Тошкент шаҳридаги 280 та автобус бекатлари 2022 йил якунига қадар электрон онлайн аукцион савдоларига жойлаштирилади.

Бундан аввал ҳам бекатларни ягона дизайн асосида қайта қуриш бўйича таклифлар билдирилганди. Мисол учун 2020 йилнинг декабрида пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев пойтахтда автобус бекатлари дўконларсиз бўлишини маълум қилганди.

Бекатнинг намунавий дизайни. Тошкент ҳокимининг 2019 йилдаги қарори лойиҳасига илова.

Буни назарда тутувчи Тошкент ҳокимининг қарори лойиҳаси 2019 йилдаёқ жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, бироқ, қабул қилинмаган. Бекатларда электрон табло, WI-FI, кузатув камераси, замонавий дизайндаги ўриндиқлар, мобил қурилмалар қувватлаш манбалари, пандуслар ўрнатилиши 2020 йилдан бери режалаштириб келинади.

Шунингдек, 2021 йилда пойтахт ҳокими Муқимий кўчасида автобуслар учун 3 кмлик алоҳида йўл ҳаракатланиш бўлагини ажратиш кўзда тутилган қарорни имзолаганди. Бундан ташқари, автобус бекатларини янгилаш режалаштирилаётгани ва йўл ўтказгичлар қурилиши давом эттирилишини айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Тошкент шаҳрида барча томони ойна билан ўралган бекатлар пайдо бўлишни бошлаганди. Шунингдек, ўша йилда қувватлаш ускуналари ўрнатилган бекатлар сони янада кўпроқ бўлиши белгиланганди.