Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов Украинадаги ўзбекистонликларни эвакуация қилиш бўйича сўнгги маълумотларни тақдим этди.

27 февраль куни Ўзбекистон фуқароларининг иккинчи гуруҳи Львовдан украин-польяк чегарасидаги «Краковец-Карчова» НЎП томонга йўлга чиққан.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси тақдим этган маълумотга кўра, шу вақтгача 600дан зиёд Ўзбекистон фуқаролари Польша чегарасига етказилди.

«Шундай кунларда бизга ёрдам қилаётган юртбошимиз соғ бўлсинлар», — дейди ватандошлардан бири.

«Польша ҳудудида ташкил этилган тўпланиш жойида асосий қисми ёш боласи бор аёллардан иборат Ўзбекистон фуқаролари учун шароитлар яратилди.Хусусан, кўрпа-тўшак, тиббий ёрдам, иссиқ овқат берилди», — дейилади хабарда.

27 февраль Тошкент вақти билан соат 16:00 га қадар 110 га яқин Ўзбекистон фуқароси «Карчова» назорат-ўтказиш пункти орқали Польша ҳудудига кирди. Яқин вақтда ичида бошқа фуқароларимизнинг ҳам чегарадан ўтиши кутилмоқда. Шундан сўнг барча ватандошлар марказлашган ҳолда автобусларда Катовице шаҳридаги аэропортга етказилади, дея маълум қилди ТИВ вакили.

«Ўзбекистонлик дипломатлар „Карчова“ НЎП ва Катовице шаҳри аэропортида мунтазам фаолият юритмоқда ва фуқароларнинг масалаларини ҳал қилмоқда. Эвакуация қилинаётган барча юртдошларимиз аэропортда барча зарур маҳсулотлар билан таъминланади», — дея қайд этди Юсуп Кабулджанов.

Унинг сўзларига кўра, турли сабабларга кўра ёнида ҳужжатлари бўлмаган 30 нафар Ўзбекистон фуқаросига қайтиш гувоҳномаси зудлик билан расмийлаштириб берилган.

Ўзбекистон фуқароларини Польшадан қайтариш мақсадида Uzbekistan Airways самолётларининг ўтиши учун ҳаво йўлаги билан таъминлаш масаласи ҳал қилинган. Ҳозирча биринчи самолётнинг Ўзбекистонга парвоз қилиши жорий йилнинг 28 февраль кунига режалаштирилган.

Вазирлик вакилининг маълумотларига кўра, Польша Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон элчихонасининг мурожаатидан сўнг «ниҳоятда муҳим қарорни қабул қилди»: Ватанга қайтаётган Ўзбекистон фуқаролари томонидан ҳеч қандай ПЗР-сертификатларини тақдим этиш ва Польшага кириш визасини расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Аввалроқ Юсуп Кабулджанов уруш ҳаракатлари шароитида Украинадаги барча Ўзбекистон корхоналари ўз фаолиятини тўхтатганини маълум қилган эди.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ходимлари:

Маруф Каримов («Карчова» назорат пунктида) — тел.: +48 508 064 333;

Telegram: +99893 5947557.

Асқар Бекназаров («Катовице» аэропортида) — тел.: +48 508 995 888; Telegram: +99890 1160084.

Сардор Ахматов (элчихонада) — тел.: +48 502 501 588; Telegram: +99894 6541010.