Россия Марказий банки хабарига кўра, ҳар қандай сценарий бўйича мамлакат ичида молиявий хабарларни алмашиш регуляторнинг «Молиявий хабарларни узатиш тизими» (СПФС) орқали амалга оширилади.

Бу Европа ва АҚШнинг Россиянинг санкция остидаги банкларини халқаро банклараро ахборот алмашув тизими — SWIFT’дан узиб қўяётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Хабарда айтилишича, Россия Банки молиявий барқарорликни сақлаш ва молия секторининг оператив узлуксизлигини таъминлаш учун зарур ресурслар ва воситаларга эга. Регулятор доимий равишда банкларни рублда нақд ва нақд бўлмаган ликвидлик (пулга айланувчи активлар) билан таъминлайди. Душанба куни бўлиб ўтадиган РEПО аукциони чекланмаган асосда ўтказилади ва банклардан келиб тушган барча аризалар тўлиқ қаноатлантирилади.

«Россия банк тизими барқарор, ҳар қандай вазиятда муаммосиз ишлаши учун этарли капитал ва ликвидликка эга. Барча мижозлар ҳисобларидаги маблағлар сақланади ва исталган вақтда мавжуд. Банк хизматлари одатдагидек кўрсатилади. Россиядаги барча банкларнинг банк карталари ҳам нормал ишлашда давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввлроқ Европа ва АҚШ Россия Марказий банкининг халқаро захираларини санкциялар таъсирига қарши тарзда жойлаштиришга тўсқинлик қиладиган чоралар кўришини маълум қилди. Ушбу чоралар кўрилиши бошланса, Россия Марказий банкининг халқаро молиявий операциялар орқали рубль курсини қўллаб-қувватлаш имконияти чекланиши мумкин.