Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Халқаро кинология иттифоқининг (International Kennel Union аъзосига айланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ташкилот матбуот хизмати хабар қилди.

«Ватанпарвар» ташкилотининг кинология бўйича мураббийлари ҳамда хизматчи итлари сўнгги йилларда МДҲ, Осиё ва жаҳон миқёсида ушбу йўналишда ташкил этилаётган мусобақалар ва кўргазмаларда юқори ўринларга сазовор бўлиб келган, дейилади хабарда.

Хусусан жорий йилнинг 15−22 февраль кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида ўтказилган зотдор итлар бўйича халқаро кўргазмада «Ватанпарвар» ташкилоти кинологларининг зотдор итлари энг юқори баҳоларини қўлга киритган.

Жумладан, кўргазма экспертлари томонидан Ўзбекистон делегациясининг цвергшнауцер, вео, бивер-йоркшир терьер, пудель той зотига мансуб итлари тоза наслли ҳамда интеллект жиҳатдан талабга жавоб беради, дея топилиб, уларнинг кинологларига махсус сертификатлар топширилди. Итлар учун белгиланган намунадаги дипломлар тақдим этилди.

Маълумот ўрнида «Ватанпарвар» ташкилоти, Халқаро аэронавтика федерацияси (FAI), Халқаро кемамодели уюшмаси («NAVIGA»), Халқаро триатлон уюшмаси (ITU), Халқаро биатлон уюшмаси (IBU) ҳамда Осиё триатлон конфедерацияси (ASTC)нинг тўла ҳуқуқли доимий аъзоси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, «Ватанпарвар» ташкилоти 2021 йилнинг январ ойида Мудофаа вазирлиги тизимига ўтказилганди.