Президент 25 февраль куни «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги [ПҚ-142-сон] қарорни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон ҳамда Покистон ҳукуматлари ўртасида транзит савдоси тўғрисидаги битим тасдиқланди. Бу битим 2021 йилнинг 15 июлида Тошкент шаҳрида имзоланганди.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул ваколатли органлар этиб белгиланди.

«Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартнома кучга киргандан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди», — дейилади хабарда.

15 июл куни имзоланган шартнома Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Имрон Хоннинг ташрифи доирасида Ҳукуматлараро комиссия мажлиси ҳамда Ўзбекистон — Покистон бизнес форумида 500 млн долларликдан зиёдга тенглигини маълум қилганди.

Бундан ташқари, ўшанда қуйидагилар ҳам имзоланганди:

  • транзит ва савдо тўғрисидаги ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари ва сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартибларини соддалаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
  • Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протокол;
  • 2021−2026 йилларга мўлжалланган Маданий алмашув дастури;
  • Туризм масалалари бўйича англашув меморандуми;
  • Давлат чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида баённома;
  • Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Покистон дипломатик хизмат академияси ўртасида англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон — Покистон ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида битим.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев март ойида Покистонга ташриф буюриши кутилаётгани ҳақида ёзгандик. Покистон бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Разоқ Довуднинг сўзларига кўра, ташриф чоғида икки давлат ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги келишув имзоланади. Қолаверса, мартдан Лаҳордан Тошкентга мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш режа қилинган.