Фото: Алишер Атахўжаев
Илонлар қорнидаги тангачаларни санайман
Сизни заҳарли илон чақиб олса, нима қилиш керак, эчкемарлар гўшти саратон ва жигар циррозини даволайдими, бошни нам салфеткалар билан қандай қилиб ювиш мумкин? Ушбу саволларга жавобларни герпетологлар – судралувчилар ва амфибияларни ўрганадиган мутахассислар билишади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда саноқли герпетологлар бор. «Газета.uz» мухбири Екатерина Цой улардан бири Тимур Абдурауповдан экспедициялар, тошбақаларни экспорт қилувчи тадбиркорлар билан кураш, уйдаги калтакесак ва илонлар коллекцияси ҳамда маошлари ҳақида сўради.
Ўзбекистонда судралиб юрувчиларнинг 62 тури мавжуд бўлиб, уларни ўрганувчи фақат бир нечта мутахассис – герпетологлар бор. Ҳатто Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти тузилмасида ҳам шундай мутахассислар бор-йўғи уч нафарни ташкил этади.
Герпетология – зоологиянинг судралиб юрувчилар (илон, тошбақа, калтакесак ва бошқалар) ва амфибиялар (бақа ва қурбақалар) синфларини ўрганувчи бўлимидир. Герпетологлар ҳайвонларнинг турлари ёки ҳатто гуруҳлари бўйича ихтисослашади. Кадрлар етишмаслиги туфайли ўзбек олимлари тор ихтисослик билан чекланиб қолмасдан, барчаси билан: судралиб юрувчилар ҳам, сувда ва қуруқликда яшовчилар билан ҳам шуғулланадилар.
Герпетологларнинг эски гвардияси ёки кетиб қолди ёки вафот этди ва ёшлар фаннинг бу йўналишидан боришни унчалик исташмади. Баъзилар фобиядан азият чекишади: «Илонлар хавфли, совуқ, ёқимсиз!» Бошқалар ойликлар камлигидан чўчишади: «Олим бўлсанг, зўрға кун кўрасан!» Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти герпетологи Тимур Абдураупов буни қотиб қолган стереотиплар, деб ҳисоблайди.
«Фаол илонлар силаганда силлиқ, илиқ ва ёқимли бўлади. Яхши мутахассис эса хоҳлаган жойда ва хоҳлаганча пул топиши мумкин».
Тимсоҳлар ҳам судралиб юрувчилар ҳисобланади, аммо улар мамлакатимизда яшамайди. Кўпчилик: «Худога шукур!» дейиши мумкин, лекин Тимур эса: «Ўзбекистоннинг жануброқда жойлашмагани ачинарли, тимсоҳлар ҳам бўларди!» дейди.
Болалигида аквариумлардаги балиқлар қаергадир ғойиб бўлди. Аквариумлар террариумларга айланди
Афтидан, Тимур шундай — илон ва калтакесакларга меҳрли бўлиб туғилган. Онаси беш ёшли ўғли сайрдан кўтариб келган гугурт қутиларини очишга қўрқарди — ичида доимо қандайдир тирик мавжудотлар бўларди. Аёл уй ҳайвонларини бироз бошқачароқ тасаввур қиларди ва манзарали балиқлари бор аквариумлар орқали болаларда табиатга муҳаббат уйғотишга уринди. Тўғри, кейинроқ балиқлар «қаергадир ғойиб бўлди» ва 10 ёшли Тимур иштиёқ билан аквариумларни террариумга айлантирди. Вояга етганидан сўнг у илон ва калтакесакларни сақлаб туришга олишни ва керак бўлганида уларни даволашни бошлади.
Қулоқли думалоқбош
Фото: Тимур Абдураупов
Чўл агамаси
Фото: Тимур Абдураупов
Сўғдиёна думалоқбоши
Фото: Тимур Абдураупов
Чийилдоқ гекконча
Фото: Тимур Абдураупов
Тимурнинг отаси, ИИВ полковниги ўғли ўзининг ортидан боришини орзу қиларди ва муқобил сифатида Санкт-Петербург милиция мактабининг ҳарбий тиббиёт факультетига ҳужжат топширишни таклиф этди. Бироқ бўлмади.

«Бу билан шуғулланишни шунчаки хоҳламайман. Демак, бутун умр бахтсиз бўламанми?» – дея қаршилик кўрсатарди ўғли.

Ота-онаси уни ўз ҳолига қўйишди, Тимур эса севимли судралиб юрувчиларини ўрганадиган ва «зўрға кун кўрадиган» олим бўлиш учун Самарқанд давлат университетининг биология факультетига ўқишга кирди.
реклама
реклама
Онажон, қанчалар бахтлиман, мен кобра тутиб олдим!
Биология факультети талабалари дала амалиётида дала ҳаётининг алифбосини: ҳайвонларни табиий муҳитда кузатиш, тоғлар бўйлаб юриш, оёқ остига қарашни ўрганадилар. Шунингдек, улар лотин тилида имтиҳон топширишади, чунки улар ҳудудда яшайдиган зотларнинг лотинча номларини билишлари керак.

Ўрмалаб, судралиб юрувчилардан ўлгудай қўрққан Тимурнинг онаси унга ҳар куни қўнғироқ қилиб: «Яхшимисан, ўғлим? Ҳаммаси жойидами? Ҳеч нарса сени чақиб олмадими?» – деб сўрарди.

Бир куни тушлик пайтида овқат хонасида янгилик тарқалди: қоровулхонага кобра кириб қолибди. Амалиётчилар – ботаниклар, зоологлар, генетиклар – ёпирилишди.
Фото: Тимур Абдураупов
«Нима деяпсиз, қанақа кобра, – деб ўйлади Тимур. – Кобра – ноёб илон. Чипор илон бўлса керак».

Ўша ердан узун даста топилақолди. Тимур унинг ёрдамида илонни ташқарига чиқаришга уриниб кўрди. Кобра юқорига, қувурга қараб интилди, ёш олим эса қўли билан думидан тутган ҳам эди, ортга қайрилган жонивор уни чақиб олишига сал қолди. Жаҳлга минган илон печкадан чиқди ва шу онда Тимур даста билан ерга тираб, бўйнидан чангаллади.

17 ёш ва илк бор тутиб олинган заҳарли илон! Ўша ҳодисалар муҳрланган видеода Тимур қўлида ўлжаси билан турибди: йигитчанинг қўли қувончдан титрайди, юзидан эса масъуд табассум аримайди. Бўлғуси герпетолог биринчи бўлиб онасига қўнғироқ қилди: «Онажон, қанчалар бахтлиман, мен кобра тутиб олдим!»
«Энди эса эркаклар ҳожатхонасига бориб, уни қўйиб юбор», – дея буюрди ўқитувчи.

«Ахир қандай қўйиб юбораман? – чин дилдан ҳайратланди биринчи босқич талабаси. – Эртага умуртқалиларни ўрганадиган гуруҳ келади. Уларга кобрани кўрсатиш керак-ку!»

Бироқ ўша куни кобрани қўйиб юборишга тўғри келди. Шундан кейин кўплаб йигитлар, гарчи илон аллақачон у ерлардан кетган бўлса ҳам, аёллар ҳожатхонасига боришни афзал кўришарди.

Ўшандан буён Тимур Ўзбекистоннинг барча заҳарли илонларини: Ўрта Осиё кобрасини, қум эфаси, темир гурзи илони, паллас чипор илони, чўл қора илонини тутиш ва қўлида ушлаб кўришга муваффақ бўлди. Уларнинг ҳеч бири уни чақмади.

Фото: Тимур Абдураупов
Илонларни заҳарли бўладими ёки йўқми, эҳтиёткорлик билан тутаман. Чақиб олиши ва яраларнинг йиринглашни бошлаши, албатта, ёқимсиз. Аммо бундан ҳам ёмони, бу илоннинг ўзи учун ҳам катта стресс, у ҳатто ўлиб қолиши мумкин! Чаққан вақтида одам инстинктив равишда қимирлайди ва судралиб юрувчининг соч толасидай бўлган тишлари тагидан синади. Бунинг натижасида илонда стоматит ривожланишни бошлайди, агар тўғри даволаш амалга оширилмаса, ўлимига олиб келади.
Экспедицияга тайёрланамиз: аниқ режа ва банкалардаги гўштлар
Герпетологларга апрель-октябрь дала ишлари учун энг мақбул вақт ҳисобланади. Чунки судралиб юрувчилар совуқ мавсумда фаол бўлмайди. Бироқ Тимур қишда ҳам хизмат сафарларига чиққан. Баъзида йилда 300 кунгача узоқда бўлиб, бир экспедициядан иккинчисига ўтиб юрган вақтлари бўлган. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми алоқа билан қамраб олинмаган ва герпетолог 20 кунлаб қариндошлари ва дўстлари билан боғлана олмайди. Бунга тез кўникасиз, дейди у.

Ҳар бир саёҳатдан олдин ғоят даражада аниқлик билан тайёргарлик кўрилади. Йилига бир марта Фанлар академиясида лойиҳалар режаси ишлаб чиқилади ва ҳар бир лойиҳа учун саёҳат жадвали тузилади. Гуруҳга тадқиқот мавзусига қараб герпетолог, орнитолог (қушлар), териолог (сутэмизувчилар) ва энтомологлар (ҳашаротлар) киритилади.
Ҳайдаркўл яқинларида чўл агамаси.
Фото: Тимур Абдураупов.
Кейин эса илмий маълумотлар – ҳамкасбларнинг тадқиқот мавзуси бўйича мақолалари, монографиялар, китоблар, эслатмаларида нималарни ёзишгани (ўрганилаётган ҳудудда қайси ҳайвонлар яшайди, у ёки бу зот охирги марта қачон кўрилган) ўрганилади. Ушбу материаллар асосида маршрут ишлаб чиқилади, Google-хариталарига йўналиш нуқталари қўйилади ва ҳар бир кун учун режа тузилади. Тимурнинг сўзларига кўра, улар авваллари қатъий белгиланган маршрутсиз юришган, аммо бундай ёндашув тартибсизликка олиб келишини тезда англаб етишган: жуда кўп нарсани кўришни хоҳлашади, натижада гуруҳ 10-20 кунда ҳеч нарса қилишга улгурмайди.

Жамоа овқатни ўзи сотиб олади, харажатлар эса Excel жадвалларига киритилади. Шу билан бирга, сафар иштирокчиларининг таъби ҳам ҳисобга олинади: кимдир карамни ёқтирмайди, кимдир товуқ гўштини емайди. Экспедициядан сўнг олимларга йўл ҳақи ва ҳаражатлари қоплаб берилади. Тўловлар тартиби ва миқдори қонун билан белгиланади, шунинг учун гуруҳ қанча пул сарфлаши мумкинлигини аниқ билади.

Авваллари «тушёнка» асосий озуқа бўлган. Бироқ Тимур ва унинг ҳамкасблари бу жуда қиммат ва унчалик ҳам мазали эмас, деган қарорга келишди. Ҳозирда ўзлари гўшт сотиб олиб, уни ёғда қовуришмоқда ва банкаларга жойлаштиришмоқда. Даладаги биринчи кунларда шохона яшашади – мева-чева, тухум, пишлоқ, сосискалар, янги нон бўлади. Хизмат сафари охирлашиб қолганида эса гуруҳ сабзавотлар, ёрмалар, тез тайёр бўладиган лағмон ва банкалардаги гўштларга ўтишади.
реклама
реклама
Экспедициядаги ҳаёт: илон тангачаларини санаш ва душ ўрнига салфеткалар
Даладаги кунлар эрталаб соат 7 да бошланади. Зоологлар чодирлардан чиқиб, ювиниш ва тишларини ювишга боришади. Маиший эҳтиёжлар учун ҳар доим техник сув таъминоти мавжуд. Аммо у ҳам тежаб сарфланади: идишлар ювилмайди, балки ҳожатхона қоғози билан артиб олинади, жуда ёғли ликобчаларга аввал қайноқ сув қуйилади. Нонуштага – тез тайёр бўладиган бўтқа ва ярим тайёр картошка пюреси, эрийдиган қаҳва.

Нонуштадан сўнг гуруҳ чодирларни йиғиштириб, навбатдаги нуқтага йўл олади. Тимур ҳар бир жойда GPS-координаталарни аниқлайди, дала кундалигига ҳаво ва субстрат (микроорганизмлар яшаш муҳити, жумладан, қум, тупроқ, тош ва бошқалар – таҳр.) ҳарорати, намлик даражасиини ёзиб боради. Дала кундалиги, бу – оддий блокнот. Ноутбукни саёҳатга олиб чиқиш унчалик ҳам тўғри эмас: чанг ва зарбалардан техника тезда ишдан чиқиши мумкин.
Кейин кечқурунгача (олдиндан кесиб қўйилган бутербродлардан иборат тушлик учун қисқа танаффус билан) герпетолог ҳудуд бўйлаб юриб, учратган ҳайвонларини қайд этиб боради.
Мисол учун, мен тошбақани учратдим, демак, перпендикуляр бўйлаб 5 метр масофада тошбақа топилганлигини ёзаман. Биз ҳар доим кўз билан чамалашни машқ қиламиз. Дўстлар билан йиғилганимизда, объектгача бўлган масофани тўғрироқ аниқлаш учун мусобақалашамиз, кейин эса масофани аниқлайдиган жиҳоз билан текшириб кўрамиз. Зоологларнинг эрмаги шунақа.
Тимур тутиб олинган судралиб юрувчиларни суратга олиб, тана ва дум узунлигини ўлчайди. Сўнгра энг қийин ва юракни сиқадиган иш – тангачаларни санашга навбат келади. Адашиб кетмаслик учун уларни бармоқ билан битта-битта ўтказиш керак, акс ҳолда қайтадан ҳисоблашга тўғри келади. Ахир битта чипор илоннинг қорнида 224 тагача тангача бўлади-да!
Бундай ўлчовлар турларни аниқлаш учун керак. Тангачалар сонига қараб олимлар судралиб юрувчиларнинг турларини, кичик турларини ва ҳатто авлодларини ажратадилар. Агар олинган натижалар белгиланган диапазонларга мос келмаса, у ҳолда янги тур кашф қилинган бўлиши мумкин ва намуна қўшимча ўрганишни талаб қилади. Судралувчини тўғри аниқлаган бўлсангиз ҳам, ўлчовлар керак. Ҳайвонларнинг кўрсаткичлари шундай янгиланади.
Герпетолог кунига қанча майдонни ўрганиши кераклиги бўйича нормативлар белгиланмаган. Ҳудуд бўйлаб трансектлар – узунлиги камида бир километр бўлган тўғри чизиқлар ўрнатилган ва бундай трансетлардан хоҳлаганингизча бўлаши мумкин – кунига бешта ёки ўнта.

Кечқурун олимлар тўлақонли кечки овқатга ўтиришади. Бугунги кунда олов романтикаси ўрнини газ баллонлари эгаллаган, овқат уларда тайёрланади. 20 кунлик саёҳат учун иккита баллон (5 ва 12 литр ҳажмли) етарли. Ошхонада вазифалар жадвалини тузиш одатий ҳол эмас, шунчаки экспедициянинг ҳар бир аъзосининг арсеналида ўз ҳамкасбларини хурсанд қиладиган ўзига хос таом бор. Тимурда – зираворли картошка фри, макарон ва димлама. Палов, блинчиклар, кукси усталари ҳам бор. Орнитолог Аня эса хамирни колбаса билан (ўқлов бўлганида қанийди, унутиб қолдиришибди) ёйиб, шоколадли пончик қовуришни билади.

Зоологлар душ ўрнига нам салфеткалардан фойдаланишади. Улар билан ҳатто бошни ҳам ювиш мумкин: тароқ тишларига салфеткаларни қўйиб, бир неча бор сочлар орасидан ўтказилади. Чиқиндилар катта қопларда сақланади ва энг яқин шаҳар ахлатхонасига қадар гуруҳ билан бирга бўлади. Ягона истисно органик чиқиндилар бўлиб, ҳашарот ва ҳайвонлар уларни бир кечадаёқ еб битиришади.
Энтомологлар экспедицияга чиқишса, шароитлар деярли жаннатмонанд бўлади. Улар ҳашаротларга ёруғлик тузоқларини ўрнатиш учун генераторни олиб келишади ва гуруҳ гаджетларини қувватлаб олиш имкониятига эга бўлади. Ҳар ким бирга сафарга чиқишни хоҳлайдиган бу мутахассислар бўлмаса, олимлар ўзлари билан бир уюм «павер бэнк»ларни олиб келишади, машинадаги usb-портини банд қилиш ҳуқуқи учун бир-бири билан тортишиб ҳам қолишади.

Кечки овқатдан кейин Тимурнинг иккинчи сменаси – тунги рептилияларни кузатиш бошланади. Жамоадаги ягона герпетолог эрталабки 4 гача жониворларнинг тунги ҳаётини ўрганиб, эрталабки 7 да эса кундузгисини кузатиш учун ўрнидан турган вақтлари бўлган.
реклама
реклама
Меню: ҳафтасига 250 та тирик чигиртка
Доимий мулоқот ва жисмоний зўриқишлар одамни чарчатади. Тошкентга қайтгач, Тимур кун бўйи диванда ётиб, кучини тиклагиси келади. Аммо бу камдан-кам ҳолларда содир бўлиши мумкин, чунки шахсий террариумига қараши керак.

Тимур ўзининг тирик зоологик коллекциясини Давлат экология қўмитасида расман рўйхатдан ўтказган. Бу ноёб эрон ва шарқий-ҳиндистон гекконларини ўз ичига олган Ўзбекистондаги ягона коллекциядир. Бундан ташқари, бу ерда Raptor ва Super Snow доғли эублифарларни ҳам кўриш мумкин. 15 та калтакесакдан иборат бу аҳил оила бир ҳафтада 250 та тирик чигирткани иштаҳа билан ейди.
Шарқий-ҳиндистон эублефарлари болаликда
Фото: Тимур Абдураупов
Улғайиб қолган шарқий-ҳиндистон эублефари
Фото: Тимур Абдураупов
Улғайиб қолган шарқий-ҳиндистон эублефарлари
Фото: Тимур Абдураупов
Super Snow эублефари қишлаши
Фото: Тимур Абдураупов
Эрон эублефарининг эркаги
Фото: Тимур Абдураупов
Эрон эублефарининг урғочиси
Фото: Тимур Абдураупов
Raptor эублефари
Фото: Тимур Абдураупов
Камалак бўғма илони
Фото: Тимур Абдураупов
Коллекцияда тўртта бир яшарли бўғма илон бор. Иккита камалак бўғма илонининг узунлиги 90 см га, қолган иккита дарахт бўғма илонининг узунлиги эса ярим метрга етди.

Тимур хизмат сафарида бўлганида, унинг рафиқаси судралувчиларни боқиш билан шуғулланади, аммо бу унга осон эмас. Эр-хотин 11 йил бирга яшаган бўлса, аёл 9 йил деганда эрининг террариумига ўрганди.
Табиб: «Эчкемар шўрваси ракни даволайди», деди.
Фарғона водийси – Халқаро Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонлар ва дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида учрамайдиган тор ареалли эндемик турлар (зирҳли геккон, Рустамов сцинксимон леккони, Штраух юмалоқбошиси, Саидалиев тақир юмалоқбоши ва Фарғона қум калтакесаги) яшайдиган табиий изолятдир.
Ҳозир Фарғона водийсида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни яратиш устида ишлаяпмиз. Бу World Wildlife Fund ва Critical Ecosystem Partnership Fund кўмагида амалга оширилаётган Михаэл Зуcков жамғармасининг «Фарғона водийсидаги асосий табиий мажмуаларни сақлаш» лойиҳасидир. 50 йил давомида Ёзёвон қумлари майдони икки баравардан кўпроққа қисқарди. Бу жараённинг давом этиши фақатгина шу ерда ва дунёнинг бошқа ҳеч бир жойида учрамайдиган ноёб турларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Табиат ҳеч нарсага муҳтож эмас, фақат унга тегмаслик керак. Ҳудудни ўраб олинг, қўриқчиларни ўрнатинг — ва у ўзини ўзи тиклайди.
Фарғона водийси – ноёб кулранг эчкемарнинг яшаш ҳудуди. Олимлар улар аллақачон ўлиб кетган, деб ўйлашарди, бироқ охирги йилларда ушбу судралиб юрувчи бир неча марта тадқиқотчиларнинг назарига тушди. Фарғоналик табибларнинг кулранг эчкемар шўрваси саратондан ҳалос қилади, деган қарорга келиши ушбу жонивор популяциясининг кескин тушиб кетишига сабаб бўлган.
Аммо 2019 йилда Тимур ҳамда унинг америкалик ва хитойлик ҳамкасблари Ёзёвон қумларида ўзига хос изларни топиб, уларни инигача таъқиб қилиб боришди, хурсанд бўлишди ва… бу қимматбаҳо судралиб юрувчини беихтиёр безовта қилмаслик учун кетишди. Шунда қумлар чегараси яқинидаги митти дўкон сотувчиси ҳаяжон ичидаги герпетологларга соддалик билан: «Биз бу ерда эчкемарларни тутамиз. Улар жуда кўп. Уларни еймиз», дейди.
Фото: Тимур Абдураупов
Фақатгина эчкемарлар бу каби муаммолар ичида қолмаган. Тимурнинг сўзларига кўра, шарқ қум бўғма илони ҳам машҳурликда қолишмайди – уни бутун Ўзбекистон ейди. Табиблар илонни юрак хасталикларидан тортиб эркаклар ожизлигигача бўлган кўплаб касалликларни даволай олади, деб ҳисоблашади.

Бир неча йиллар олдин Тимурнинг ўзидан ҳам агама топиб беришни илтимос қилишган. Бир аёл йиғлаб, ялиниб-ёлвориб ундан шу калтакесакдан топиб беришни сўраган. Эрига охирги босқичдаги жигар циррози ташхиси қўйилган.
Табиб фақатгина агаманинг қони касалликни даволай олишини айтган экан. У танага ғайриинсоний регенерацияни бағишлар эмиш, «ахир калтакесакнинг думи узилса, қайтиб ўсиб чиқади-ку», деган у. Дарвоқе, агамаларнинг думи қайтадан ўсиб чиқмайди. Ўша аёлнинг ўзи шифокор бўлиб ишлаган, бироқ барибир мўъжиза содир бўлишига ишонган. Инсонларнинг фантазиялари ноёб турларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлаётганидан Тимурнинг жаҳли чиқади.
Судралиб юрувчилар ва бошқа ҳайвонларнинг хусусиятлари ошқозон орқали одамга ўтиб қолмайди. Қўй гўштини еганимизда бошимиздан шох ўсмайди-ку. Даволаш ҳолатлари оддий психосоматика билан изоҳланади. Ҳанафий мазҳабига кўра (суннийликдаги тўртта шаръий ҳуқуқий мактабдан бири – таҳр.) судралиб юрувчиларни ейиш шариатга зид ва ҳаром саналади.
Тошбақалар учун жанг: Ишбилармонлар олимларга қарши
Марказий Осиё тошбақаси Европа, Япония ва АҚШда севимли таом ҳисобланади. Унинг ташқи бозорлардаги нархи 150 доллардан бошланади. Шу боис, баҳорда Навоий ва Жиззах вилоятлари қишлоқларида болалар ва ишсизлар овга чиқишади: улар ҳудуддаги ёш тошбақачаларни териб, сўнг Тошкентдан келган харидорларга топширишади.

Экспорт ўлчами 8-10 см, кўплаб мамлакатлар жуда кичик жониворларни сотиб олишмайди – уларнинг тоши ҳали юмшоқ бўлади ва уни парваришловчи бехосдан эзиб қўйиши мумкин. Бироқ харидорлар 4 см дан катта тошбақаларни олиб, кейин уларни ўз питомникларида керакли ҳажмга етгунларига қадар парваришлайди. Пойтахтда товарлар ювилади, сараланади, қадоқланади. Ноликвид маҳаллий бозорларга олиб чиқилади: мавсум давомида Қизил китобга киритилган тошбақалар деярли ҳар бир истироҳат боғи атрофларида сотилади.
Фото: Тимур Абдураупов
Сараланган тошбақалар айланма йўллар билан республикадан олиб чиқилади. Бунинг учун улар скотч билан ўралиб, ҳаракатланишдан маҳрум этилади ва ўтлар тўла қопларга зичлаб солинади. Бир вақтлар Тимур Давлат бионазоратида ишлаганида у ерга мусодара қилинган 4000 бош тошбақа олиб келинган. Бутун бошли юк машинаси. Қоплар очилганда, кўпчилигининг бўғилиб ёки қобиқ ёрилишидан нобуд бўлгани аниқланган. Катта йўқотишлар контрабанданинг ўзига хос белгисидир, шунинг учун қонунбузарлар бунинг ҳисобини олишади. Ушбу ноқонуний бизнеснинг рентабеллигини таъминлаш учун тошбақалар минглаб жўнатмаларда чиқарилади.
Собиқ иттифоқ даврида Зомин тоғ этакларида тошбақалар жуда кўп бўлган, ҳозир эса деярли йўқ. Ҳар йили ёш ҳайвонлар ушланади, бутун авлод қириб ташланади, популцияга жиддий зарба бўлмоқда ҳамда ёш ва жинс таркиби бузилмоқда. Тубжойли кишиларнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳали ҳам тошбақалар кўп. Ҳа, улар узоқ умр кўришади, лекин катталари ўлади ёки йиртқичларга ўлжа бўлади, янги авлод эса яширинча олиб кетилади. 20 йилдан кейин уларнинг популяцияси кескин камайиб кетишига дуч келишимиз мумкин.
Фото: Тимур Абдураупов
Фото: Тимур Абдураупов
Зоологлар жамоаси Марказий Осиё тошбақасини Ўзбекистон Қизил китобига киритиш учун икки йил давомида курашди. Улар аллақачон Халқаро Қизил китобга киритилган. Тимурнинг фикрича, бу ҳақиқий уруш эди. Ҳар йили 100 минг бошлик квота фақатгина расмий экспорт учун ажратилган, контрабанда йўли билан эса ундан ҳам кўпроғи олиб чиқиб кетилган. Ғазабланган тадбиркорлар олимларни ҳақоратлашга ўтишди. Улардан бири ҳатто Зоология институтидан бирорта ҳам тош қолдирмайман, деб таҳдид қилган.
Бу каби экспортчи тадбиркорнинг ҳар бирида тошбақа питомниги бор. Мантиқан, улар плюсда бўлишлари керак, чунки биз ёввойи табиатда тошбақаларни овлашни ёпяпмиз, демак, рақобатчиларининг имкониятларини қисқартирамиз. Питомниклар чекловсиз хорижга экспорт қилишни давом эттиришлари мумкин. Тошбақаларнинг Ўзбекистон Қизил китобига киритилиши билан норози тадбиркорларнинг қандай қаршилик кўрсатгани, албатта, ўйлантиради.
Тадбиркорлар петиция тўплаб, прокуратурага шикоятлар ёзишди. Зоологлар ҳам ўша прокуратурага жавоб шикоятларини юборишди. 2019 йилда жанг олимларнинг ғалабаси билан якунланди: Марказий Осиё тошбақаси Ўзбекистон Қизил китобига киритилди. Тимурнинг фикрича, овлаш таъқиқи абадий эмас. Бу 10-15 йил давом этиши керак. Бу тур доимий равишда ёш тошқабаларнинг олиб кетилишидан танаффус қилиб, авлодни тиклашлари керак.
реклама
реклама
Кобралар сизнинг ҳудудингизда эмас, сиз уларникида юрибсиз
Одамлар илонларни ёқтирмайдилар. Айтишларича, чорвалар улар чақиши натижасида нобуд бўлиши мумкин ва шунинг учун судралиб юрувчилар алоҳида иштиёқ билан йўқ қилинади. Бир куни зоологлар автомобиллар босиб ўтиши учун кимдир ўлик кобраларни катта йўлга қўйганига гувоҳ бўлишди. Асоси йўқ шафқатсизлик.
Паллас қалқонтумшуқ илони
Фото: Тимур Абдураупов
Гурзи илон
Фото: Тимур Абдураупов
Қум эфаси
Фото: Тимур Абдураупов
Ўқ илон
Фото: Тимур Абдураупов
Ҳар йили Facebook орқали одамларнинг илонларни ўлдирганларидан фахрланаётганларини кўриб қоламан. Уларга Ўзбекистоннинг аксарият шаҳарларида заҳарли илонлар учрамаслигини, шунинг учун илонларни фақатгина илон бўлганлари учун ўлдиришни тўхтатинг, деб айтишни истардим. Судралиб юрувчилар одамлардан ўлгудай қўрқишади, улар уйингизга фақатгина озуқа базаси – кемирувчиларни тутиб ейиш учун кириб қолиши мумкин. Ваҳоланки сичқон ва каламушлар вабо, гепатит, сальмонеллёзларнинг асосий ташувчилари ҳисобланади. Айнан илонлар (мушук ёки типратиканлар эмас) ушбу зараркунандалар сонининг назоратчилари ҳисобланишади. Заҳарли илонлар яшайдиган ҳудудларда истиқомат қилувчиларга эса улар ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужумга ўтмаслигини эслатиб ўтмоқчиман. Уларни кўриб қолсангиз, шунчаки тўхтанг ёки орқага чекининг ва илон сиздан узоқлашади. Унутманг, инсоният био хилма-хиллик аллақачон шаклланган ҳудудларда яшашни бошлаган. Содда қилиб айтганда, кобралар сизнинг ҳудудингизда эмас, сиз уларникида юрибсиз.
Заҳарли илон чаққанда, асосийси – ваҳимага тушмаслик ва ортиқча ҳаракатлар қилмасликдир, чунки бу реакциялар одамда юракнинг тез уришига олиб келади. Юрак, насос каби, фаолроқ ишлай бошлайди, яъни заҳар бутун танага тезроқ тарқалади.

Энг яхши йўли – заҳар буйраклар орқали танадан чиқиб кетиши учун горизонтал ҳолатда ётиш ва кўпроқ сув ичиш. Шу билан бирга, жабрланувчининг ҳамроҳлари уни тезда касалхонага ётқизишни таъминлашлари зарур. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқималар некрозини кучайтирмаслик учун илон чаққан жойни жгут билан боғламаслик керак.

Заҳарни сўриб олиш ёрдам берган одамга зарар етказиши мумкин. Агар оғизда микро ёриқлар ва кемтиклар бўлса, улар орқали заҳар танага киради ва икки киши касалхонага ётқизилиши керак бўлиб қолиши мумкин.
Дудьнинг саволи: «Тимур, қанча пул топасиз?»
Тимурнинг айтишича, замонавий Ўзбекистон илм-фанни юксалтирмоқда. Зоология институтига ёш герпетолог 700 минг сўм ойликка зоология коллекцияси мутахассиси сифатида келган, бироқ бу ойликка кўп ишламаган – бир қанча йил аввал президент фармони билан олимларнинг ойликлари бир неча баробарга оширилди. Ҳозир Тимурнинг кичик илмий ходим сифатидаги маоши 4,7 млн сўмни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, ҳеч ким ойликка яшашга мажбурланмайди – илмий ходимлар ташқи ташкилотлар билан хўжалик шартномаси асосида ишлаш ҳуқуқига эгалар. Тимур юридик шахслар учун атроф-муҳитга антропогенез таъсирларини баҳолайди. Ҳар қандай объект қурилиши олдидан ажратилган ҳудудда инсон фаолияти натижасида био хилма-хилликнинг зарар кўрмаслиги аниқлаб олиниши муҳим. Зоолог экологик изланишлар ўтказиб, хулосаларини беради. Шунингдек, йирик хорижий корпорациялар ўз фаолияти ҳудуд флора ва фаунасига қандай таъсир кўрсатаётгани бўйича мониторинглар ўтказиб туради. Бундай текширувлар ҳар йили ўтказилади.

Хуллас, отасининг Тимур бутун умр «арзимаган ойликка ишлаб юради», деган хавотирлари ўринсиз бўлиб чиқди.
Матн муаллифи: Екатерина Цой.
Фотосуратлар муаллифлари: Тимур Абдураупов, Мария Грицина, Валентин Солдатов, Алишер Атахўжаев.
Матнга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» таҳририятига тегишли.
«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Бирор қизиқ нарсани биласизми ва уни бошқалар билан бўлишмоқчимисиз? Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг