26 февраль куни халқ депутатлари Олтиариқ туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Унда туманга янги хоким тайинлаш масаласи кўриб чиқилди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги.

Депутатлар Турдалиев Шамсиддин Асқаралиевични Олтиариқ тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорини бир овоздан маъқуллади.

У бунга қадар Риштон тумани прокурори сифатида ишлаган. Шамсиддин Турдалиев мазкур лавозимда 7 февраль куни Тошкент вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар бўлган Холмирза Ниёзовнинг ўрнини эгаллади.

Шамсиддин Турдалиев 1979 йилда Бағдод туманида туғилган, Ўзбекистон Миллий университетини ҳуқуқшунослик йўналишини тамомлаган. Ҳозирда адлия катта маслаҳатчиси унвонига эга.

Меҳнат фаолиятини 2003 йилда Фарғона шаҳар прокуратурасида бошлаган. 2006−2011, 2016−2017 йиллар оралиғида Фарғона вилоят прокуратурасида катта терговчи, бўлим бошлиғи вазифаларида фаолият олиб борган. 2011−2016 йилларда Бешариқ тумани прокурори, 2017−2018 йилларда Данғара тумани прокурори, 2018 йилда Қўқон шаҳар прокурори бўлган.

2018−2019 йилларда Хоразм вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, 2019−2021 йилларда Фарғона вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2021 йил 2 февралдан бугунги тайинловга қадар Риштон тумани прокурори бўлиб ишлаб келган.

Олтиариқ тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Холмирза Ниёзов жорий йил 7 февралда Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.