Украина президенти Владимир Зеленский Россия босқинининг биринчи кунида 137 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани, яна 316 нафари жароҳатлангани ҳақида баёнот берди.

Зеленский шунингдек, Киевда «халқим билан ёлғиз ўзим қолдим», деб айтган. «Ватанимиз ҳимояси масаласида биз ёлғиз қолдик. Ҳамма қўрқмоқда, ҳеч ким биз билан биргаликда жанг қилмоқчи эмас», деб қўшимча қилган Украина президенти.

«Биз Россия билан барча мавзуда гаплашишдан қўрқмаймиз, хавфсизлик кафолатлари, Украинанинг нейтраллик мақоми ҳақида. Муҳими: кафолатлар қандай бўлади ва айнан қайси давлатлар томонидан бу кафолатлар тақдим этилади», деган Зеленский.

Шунингдек, Россиянинг 7 та самолёти, 7 та вертолёти, 24 та танки ва 24 та зирҳланган техникаси йўқ қилингани, Россия аскарлари асир олингани хабар қилинмоқда. Бироқ РФ бу хабарларнинг барчасини рад этмоқда.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр «душман томоннинг шахсий таркибидаги йўқотишлар тахминан 800 кишини ташкил этаётгани, маълумотлар аниқлаштирилаётганини» қўшимча қилган.

25 февралга ўтар кечаси Украина президенти Владимир Зеленский умумий сафарбарлик чақирувини эълон қилди.

Зеленский эртами-кечми Россия ва Украина ўртасида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳақида мулоқот бошланишини айтди.