Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украина Россия билан нейтраллик мақоми ҳақида музокаралар ўтказишга тайёрлиги хусусида баёнот эълон қилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

«Украина музокаралар учун ҳамиша майдон қолдириб келган ва қолдиради. Жумладан, ҳозир — Россия кенг кўламли босқинни амалга ошираётганда ҳам. Бу урушни тўхтатиш керак. Бу жанговар ҳаракатларни тўхтатмоқ лозим», — дейилади баёнот матнида.

Баёнотда Украина президенти Владимир Зеленский ўз мурожаатида Европа мамлакатлари Украина билан бирга урушишга ва мамлакатни НАТОда кўришга тайёр эмаслигини таъкидлагани қайд этилган. «Бу уларнинг қўрқаётганлигини билдиради. Лекин Украина қўрқмайди, Россия билан нейтраллик мақоми ва кафолатлари ҳақида гаплашишга қўрқмайди», деган эди у.

«Биз бугун Москва гаплашишни хоҳлаётганини эшитдик. Агар улар нейтраллик мақоми ҳақида гаплашмоқчи бўлса, биз бундай муҳокамадан қўрқмаймиз. Масала шундаки, ким ва қандай қилиб Украинанинг хавфсизлигини ва келишувга амал қилинишини кафолатлай олади», — дея таъкидлади Подоляк.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Россия хоҳлаган вақтда музокараларга тайёрлигини, аммо бунинг учун Украина қуролли кучлари қурол ташлаши кераклиги ҳақида баёнот қилган.

Лавров РФ Украина ташқи бошқарувдан ҳоли бўлишини ва ундан Москвани жиловлаб туриш инструменти сифатида фойдаланмасликларини исташини билдирган.