АҚШ «Совкомбанк», «Новикомбанк» ва бошқа Россия банкларига қарши «блокировка» қилувчи санкциялар киритди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги хабарида айтилади.

Санкциялар билан боғлиқ вазиятни шарҳлар экан, «Совкомбанк» банк карталари фақат Россияда ишлашини, мижозлар банк офисларидан ҳам, мобил иловалардан ҳам валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошира олмаслигини маълум қилди.

«Санкциялар қўлланилганлиги сабабли „Халва-Совкомбанк“ мобил иловасида ва банк филиалларида хорижга валюта ўтказмалари амалга ошириш имконияти мавжуд эмас. „Совкомбанк“ ичидаги пул ўтказмалари ва Россия бўйлаб пул ўтказмалари тўлиқ ҳажмда рублда мавжуд. Western Union ва „Золотая Корона“ тизимлари орқали пул ўтказмалари амалга оширилмайди», — дейилади банк хабарида.

Шунингдек, банк онлайн ва мобил иловада хорижий валютадаги депозитларни қабул қилишни тўхтатади. Жорий валюта ҳисобварақлари ва депозитларини юритиш ўзгаришсиз қолмоқда.

«Банк карталаридан, жумладан Visa ва Mastercard тўлов тизимларидан хорижда фойдаланиш ва хорижий веб-сайтларда „Совкомбанк“ карталари билан тўловларни амалга ошириш имконияти ҳозирда санкциялар қўлланилганлиги сабабли мавжуд эмас. Сиз бошқа банкнинг картасига пул ўтказишингиз мумкин, бунда чекловлар қўйилмайди», — дейилади банк хабарида.

«Совкомбанк» хабарига кўра, банк «санкция чекловларининг салбий таъсирини бартараф этиш учун зарур капитал ва ликвидликка эга».

«Россия банки»нинг хабар беришича, санкциялар остида қолган Россия банкларининг карталаридан Apple Pay ва Google Pay тўлов хизматлари орқали фойдаланиб бўлмайди. Бироқ бундай банк карталари билан Россия ҳудудида стандарт алоқа ва контактсиз тўловларни амалга ошириш мумкин.

Маълумот учун, «Совкомбанк» Россиядаги барқарор молиявий аҳволга эга активлари бўйича учинчи йирик хусусий банк ҳисобланади. 23 февраль куни мазкур молия муассасаси Ўзбекистондаги «Ўзагроэкспортбанк» банкининг 100 фоизлик давлат улушини 4 млн долларга сотиб олган эди.