Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи муддатидан бир кун олдин якунланди. Ташрифнинг биринчи куни, 23 февраль санасида мазкур сафар илк бор 3 кун давом этиши маълум қилинганди. 24 февраль куни кечқурун давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

Сафар давомида Шавкат Мирзиёев Мўйноқда бўлиб, Орол денгизининг қуриган тубини бориб кўрди, у ердаги ўрмон барпо этиш ишлари билан танишди. Шунингдек, у Тахтакўпир ва Шуманай вилоятларида ҳам бўлди, Беруний вилоятида шамол электр станцияси қурилишининг илк тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди.

Сўнг давлат раҳбари Нукус шаҳридаги «Чимбой гузари» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, пластик эшик ва ромлар ишлаб чиқарувчи корхонани, «Зеке Терек» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги янги уй-жой мажмуаси қурилиш майдончасини кўздан кечирди. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази фаолияти билан танишди.

Эслатиб ўтамиз, Оролбўйи минтақасини ҳамкорликда ривожлантириш учун Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги жалб қилинган. — Орол ҳавосидан нафас олиш учун бутун республикадан раҳбарларни бу ерга юбордим, — деган президент. Улар Қорақалпоғистонда бир ҳафта қолишлари режалаштирилган эди.

Қолаверса, давлат раҳбари Қорақалпоғистонда ташрифи чоғида дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб бораётганини таъкидлаганди. «Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.