Жиззах шаҳрида тадбиркордан 3 минг доллар пора талаб қилган бўлим бошлиғи ва етакчи муҳандис ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, «Hududgaz Jizzax» газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси Ш. И. (муқаддам судланган) «Х.S.» МЧЖ раҳбарига табиий газдан ноқонуний фойдаланлиги ҳолати бўйича ҳисобланган 384,6 млн сўм миқдоридаги зарарни камайтириб беришга ваъда берган.

Ш. И. корхона иш юритувчиси Д.Д.дан 3 минг доллар пора олган вақтида Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.

Ш. И. нинг кўрсатмасига асосан давом этган тадбирда, филиалнинг шартномавий-ҳуқуқий бўлими бошлиғи Б.Р. шериги етакчи муҳандис Ш. И.дан 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.