22 феврал куни Навоий вилояти Конимех тумани Караката овули ҳудудидаги фойдаланишдан тўхтатилган Лолазор эски тилла конларида 50 дан ноқонуний тарзда олтин қазиб олаётганида ушланди.

Вилоят ИИБнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳолат вилоятнинг Миллий Гвардия ва ФВБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди.

Таъкидланишича, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Самарқанд вилоятининг Нарпай ва Пахтачи туманларида, Бухоро вилоятининг Шофиркон ва Вобкент туманларидан келган 7 та гуруҳ таркибида жами 54 нафар фуқаро бўлган.

Тезкор тадбир давомида улардан 4 дона движок, 7 дона перфоратор, 2 та «Форд» русумли транспорт воситаси, 2 тонна оғирликдаги таркибида олтин зарралари бўлган тош-қумлар, шунингдек, қумларни солишга мўлжаллаган қоплар, арқонлар, электр кабеллари, дизел ва бензин ёқилғилари, кетмон ва белкураклар, қўлбола усулда тайёрланган тош майдалувчи қурилмалар ҳужжатлаштирилиб олинган.

«Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 54 нафар фуқароларнинг шахсларига аниқлик киритилиб, тушунтириш хатлари ҳамда бармоқ изларидан наъмуналар олинди. Далилий ашё сифатида олинган 2 тонна таркибида олтин зарралари бўлган қумларни таркибида қанча миқдорда олтин борлигини аниқлаш мақсадида Навоий кон-металлургия комбинатига тегишли лабараторияга топширилди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамид, 2021 йилнинг ноябрида айни шу ҳудудда тилла қумларини кавлаб олиш вақтида 4 нафар фуқаро қум босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлганди.

Аввал ҳам Навоий вилоятида ноқонуний тилла қумларини қазиб олиш билан шуғулланган 4 киши «электродвижок»дан чиққан ёқилғи тутунидан заҳарланиб, вафот этган. Яна уч нафар фуқаро шифохонага ётқизилганди.