Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Украинадаги махсус ҳарбий операция билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости Кремльга таянган ҳолда.

«Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди. Донбассдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операция ўтказилиши, шунингдек, Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш билан боғлиқ вазиятнинг ривожланиши муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Кремль расмий сайтида таъкидланишича, президент Мирзиёев Россия томонидан қабул қилинаётган хатти-ҳаракатларни тушунишини билдирган.

Суҳбат давомида иккитомонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган, Россия-Ўзбекистон стратегик ҳамкорлигини савдо-иқтисодий ва маданий соҳаларда ривожлантиришга ўзаро хайрихоҳлик билдирилган.

Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни эрталаб миллатга телемурожаатида Донбасс ҳудудида «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилган эди ва РФ раҳбарининг мурожаати тугаши биланоқ, Киев, Харьков, Мариуполь, Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларида портлашлар бошланганди.

Шундан сўнг дунё ҳамжамияти РФнинг Украинага босқинини қаттиқ қоралаб, Москвага қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский бугун 25 февраль куни РФ президенти Владимир Путинга Донбассдаги вазият бўйича музокаралар ўтказишни таклиф этди.

Россия ва Украина ўртасида ўтказиладиган музокаралар жойи сифатида Беларусь пойтахти танланган.