25 февраль куни УЕФА Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилишида Украинадаги вазият туфайли Чемпионлар лигаси финалини Парижга кўчириш қарори қабул қилинди, деб хабар берилди ташкилот расмий сайтида.

«УЕФА Ижроия қўмитаси 2021/22 йилги эркаклар ўртасидаги чемпионлар лигасини Санкт-Петербургдан Сен-Денидаги „Стад-де-Франс“ стадионига кўчириш ҳақида қарор қабул қилди. Ўйин, олдиндан режалаштирилганидек, 28 май куни бўлиб ўтади», — дейилади хабарда.

Ташкилот ўз баёнотида, шунингдек, УЕФA мусобақаларида иштирок этувчи Россия ва Украина клублари ҳамда терма жамоалар кейинги қарор қабул қилингунга қадар уй учрашувларини нейтрал стадионларда ўтказишлари шартлиги ҳақида ҳам айтиб ўтган.

Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни эрталаб миллатга телемурожаатида Донбасс ҳудудида «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилган эди ва РФ раҳбарининг мурожаати тугаши биланоқ, Киев, Харьковь, Мариуполь, Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларида портлашлар бошланганди.

Шундан сўнг дунё ҳамжамияти РФнинг Украинага босқинини қаттиқ қоралаб, Москвага қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди.