Владимир Путин Украина ҳарбийларига ҳокимиятни ўз қўлларига олишни таклиф қилди

Россия президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан йиғилишда украиналик ҳарбийларни мамлакатдаги ҳокимиятни ўз қўлига олишга таклиф қилди, дея хабар қилди РИА Новости.

«Киевда қўним топган ва бутун Украина халқини гаровга олган бу наркоман ва неонацистлар тўдасидан кўра, сизлар билан келишувга эришишимиз осонроқ кўринади», — деди у.


Зеленский Путинга музокара ўтказишни таклиф этди

Украина президенти Владимир Зеленский РФ президенти Владимир Путинга музокаралар столи атрофида учрашишни таклиф этди. Украина раҳбари «одамларнинг ҳалок бўлишини тўхтатиш учун музокаралар столига ўтириш кераклигини» таъкидлаган. Путин музокараларга тайёрлигини билдирган.


УЕФА Чемпионлар Лигаси финалини Парижга кўчирди

УЕФА Европадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий тус олгани туфайли бу йилги Чемпионлар лигаси финалини Санкт-Петербургда эмас, Парижда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.


Россия миллиардерлари Украинадаги воқеалар фонида $39 млрд йўқотди

Bloomberg нашри Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида россиялик миллиардерлар 39 млрд доллар йўқотганлигини маълум қилди. Жумладан, «Лукойл» президенти Вагит Алекперов 6,2 млрд доллар йўқотган бўлса, Алишер Усмоновнинг бойликлари 1,2 млрд долларга камайган.


Россиянинг Европа Кенгашидаги аъзолиги тўхтатилди

Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси Россиянинг ушбу ташкилотдаги аъзолигини тўхтатди. Бу ҳақда Россия давлат Думаси вице-спикери, Европа Кенгаши Парламент ассамблеясидаги Россия делегацияси раҳбари Петр Толстойга таяниб Интерфакс хабар берди.

«Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси мамлакатимизнинг ушбу ташкилотдаги аъзолигини тўхтатиб, Россия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди», — деди спикер. У мазкур қарорни қоралаб, Европанинг энг йирик давлати бўлмиш Россиясиз Европа Кенгаши иши ўз маъносини йўқотаётганини таъкидлади.

«Россия Европанинг энг йирик давлати бўлиб қолади, усиз бирорта ҳам Европа Кенгаши бўлиши имконсиз ва кераксиз. Чунки унда ҳақиқат бўлмайди», — дея таъкидлади Петр Толстой.


Буркина-Фасода олтин конидаги портлаш оқибатида 60 киши вафот этди

Буркина-Фасо жануби-ғарбидаги норасмий олтин қазиб олувчи майдонда юз берган портлашда 60 га яқин киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди, дея хабар берди CNN.

Пони провинциясидаги портлаш сабаблари ҳозирча маълум эмас, деди ушбу ҳудуд олий комиссари Антуан Дуамба давлат телевидениясига. Бу ерда аниқ қандай олтин қазиб олиш ишлари олиб борилгани аниқ эмас. Буркина-Фасода халқаро компаниялар томонидан бошқариладиган баъзи йирик олтин конлари жойлашгани айтилди.


Тайван ўз ҳудудидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа зонасига Хитой самолётлари кирганини билдирди

Тайван Мудофаа вазирлиги Россиянинг Украинага бостириб кирган кундан бошлаб, Хитой Тайпейни диққат билан кузатаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Хитой ўз ҳудуди деб даъво қиладиган Тайван сўнгги икки йил ичида Хитой ҳаво кучларининг бундай миссияларини мунтазам равишда амалга ошираётганидан шикоят қилди. Айтилишича, самолётлар Тайваннинг ўзига яқинлашмайди. Вазирликнинг таъкидлашича, сўнгги миссияда Хитойнинг саккизта J-16 қирувчи самолёти ва битта Y-8 разведка самолёти иштирок этган бўлиб, улар Жанубий Хитой денгизининг юқори қисмидаги Тайван назоратидаги Пратас оролларининг шимоли-шарқидаги ҳудуд устидан учиб ўтган.


Эстонияга Буюк Британиянинг жанговор гуруҳи етиб келгани маълум қилинди

Эстония мудофаа кучлари Британия Қуролли кучларига тегишли Уэлс Қироллик жанговар гуруҳи жума куни Шимолий Эстониянинг Тапа шаҳридаги базага етиб келганини айтди. Бу ҳақда Эстония мудофаа кучлари бош штаби матбуот хизматига таяниб ТАССхабар берди.

«Қўшимча қўшинларнинг киритилиши биз иттифоқчиларимизга таянишимиз ва энг оғир дамларда ҳам уларнинг ёрдамига ишонишимиз мумкинлигини кўрсатади», — деди Мудофаа кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Мартин Ҳерем. Унинг сўзларига кўра, ушбу етиб келган гуруҳга олтита Challanger-2 танки ва бошқа зирҳли техникалар киради.